Бекобод тумани мамлакатнинг табиати гўзал, одамлари меҳнатсевар, табиий бойликларга эга бебаҳо гўшаларидан бири саналади. Таъкидлаш жоизки, юртимиз эришаётган муваффақиятларда бекободликларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 август куни Бекободга ташрифи чоғида алоҳида тўхталганди.

Бироқ бу ерда камчилик ва ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. KUN.UZ’га етиб келган мурожаатлардан бири Бекобод тумани, Зафар шаҳарчаси, Усмон Носир кўчасидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли томонидан юборилган. Унда баён этилишича, кўп қаватли уйлардаги коммунал хизматлар деярли йўқ ва бир неча йиллардан бери фойдаланиш учун яроқсиз. Шунингдек, унда инсон саломатлигига хавф солиб турган биргина умумий ҳожатхона муаммоси - канализациянинг носозлиги, ундан кўтарилаётган бадбўй ҳид ва чиқинди сувларнинг кўчаларга сизиб чиқиши, одамларнинг мажбурликдан қўлбола канализациядан фойдаланиши ҳақида куйиниб ёзилган. 

KUN.UZ мазкур мурожаатни ўрганиш мақсадида Бекобод туманига йўл олди. Манзилга етиб бориб, мурожаатдаги манзарани ўз кўзимиз билан кўрдик. Аҳоли билан бу ҳақда батафсил суҳбатлашдик.

“30 йилдан бери шу ерда яшаймиз ва шу муаммодан азият чекамиз. Айниқса, ёз ойларида жуда қийналамиз. Бу борада бир неча йиллардан бери ҳокимиятга мурожаат билан чиқдик, лекин тайинли бир жавоб олмадик. Жорий йилнинг февраль ойида яна бир марта мурожаат билан чиққанимизда, улар "кўриб чиқамиз", дея ҳоким ўринбосарига буюришди. Шундан кейин ҳокимимиз алмашди. Яна мурожаат билан чиққан эдик, улар "аввал маҳаллага борасиз", дейишди. Маҳаллага борган эдик, улар бизга хат ёзиб берди: "чек-кредит қачон ажратилса, ўшанда бошқа жойга кўчириб берамиз", деб. Ҳозир уйларда ҳожатхона ишламайди. Порталга ҳам чиқдик, улар кўриб “ҳокимингизга берамиз, чора кўришади” дейишди. Кейин улардан ҳам хат олдик, у "аҳоли рози бўлса, биронта жой топилса, ўша ерга кўчириб берамиз", деган мазмунда ёзилганди. Шу билан тўхтаб турибди бу жараён. Совуқ сувни ҳам кўчадан ташиймиз. Бизнинг уйларда канализация, бошқа нарсалар қурилганидан бери йўқ. Болалар ўйнайдиган жойлар ҳам йўқ. Ҳозирда бу ҳожатхонадан 12 уй фойдаланади. 

Янги тайинланган ҳокимни-ку майли, ҳаттоки участка инспекторини ҳам танимаймиз. Бирор уйда шароит йўқ, пули борлар ўзи шароит қилиб олган, холос. Шуни ҳам қўйишмаяпти. Газ ҳеч кимникида йўқ. Қишда газ плита билан уйларни иситамиз. Томлардан тинмай чакка ўтади. 

Йўлнинг бўйидан уйимиз чиройли кўринади, буни Президентнинг келиши учун қилишди. Бундан аввал қилинмаган, фақат йўлнинг бўйини қилишди, ичкарига қарашгани ҳам йўқ. 

Боғчага бола бериш ҳам жуда мушкул. Турли ҳудудлардан болаларни олиб келишади, лекин ўзимизнинг ҳудуддан болаларни олмайди. “Эртага келинглар, жой йўқ”, деган баҳоналар қилишади”, - дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.

Суҳбат давомида Бекобод туман ҳокими Отабек Исроиловга қўнғироқ қилдик. У мазкур мурожаат бўйича аҳоли билан учрашишини билдириб, келишини айтди. Бироқ унинг ўрнига туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий–маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳамид Абдушукуров келди. 

Гарчи аҳолини қийнаб келган масала уларнинг ваколатига кирмаса-да, Абдушукуров мурожаатни тинглади. Ҳатто, ўша қўрқинчли ҳожатхона билан ҳам танишди. Жойида ўзи учун керакли маълумотларни олди. Бироқ мазкур муаммоларга ечим топиши бевосита боғлиқ бўлган туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Олим Эргашев масаланинг ечимини топишдан кўра, биз билан келишиб қўйишни афзал билди.

Туман ҳокими билан иккинчи бор боғланганимизда эса, биз билан Тошкентда учрашиб, масаланинг ечимини топишга ваъда берди. Сиз айни дамда кўриб турган тасвирларга ҳам бир ойдан ошди. Бироқ вазият ҳамон ўша – ўша... Бекобод тумани, Зафар шаҳарчаси, Усмон Носир кўчасидаги кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли эса ҳамон умид қилаяпти. Ҳар ҳолда ҳисоботлар эвазига халқ розилигини олиб бўлмайди.