Винченцо Монтелла журналистлар қаршисида яна қизарди

Англия
«Брайтон» «Ньюкасл»нинг ғалабали сериясини тўхтатди

Чемпионшипда ўтган мавсум «чайкалар»ни уйида ҳам сафарда ҳам мағлуб этган «Ньюкасл»дан Крис Ҳьютон жамоаси қасос олди. Бир неча йил муқаддам «Ньюкасл»ни бошқарган Крис Ҳьютон шогирдлари битта гол уриб, ўйинни хотиржамлик билан якунлаб қўйди. «Қарғалар» ўйин давомида устунлик қилишди, аммо Шелви ва Хоселу қулай имкониятларни йўққа чиқаришди.

Ўйиндаги ягона гол иккинчи бўлим бошида«Брайтон»нинг исроиллик ҳужумчиси Томер Ҳемед томонидан урилди, натижада «чайкалар» 1982 йилдан буён илк марта АПЛда кетма-кет икки ўйиндаги ғалабани қайд этди. Ҳьютон «Ньюкасл»га қарши кечган 7 ўйиндаги илк ғалабани нишонлади.

Испания
Дзадза Месси билан пойгалашмоқда

«Валенсия» «Реал Сосьедад»га қарши ўйинда икки марта олдинда борди, аммо мағрур басклар икки марта ҳисобни тенглаштиришди. Аммо «кўршапалаклар» жамоаси якунда ғалабага эришди. 85-дақиқада Гонсалу Гуэдеш чап қанотда югуриб, тўпни Симоне Дзадзага етказди ва ғалаба -2:3. Италиялик футболчи мавсумдаги бешинчи голини уриб, Испания чемпионати тўпурарлар пойгасида Мессини таъқиб қилмоқда. Месси бу турни голсиз ўтказди, унинг ҳисобида 9та гол мавжуд.

«Реал Сосьедад» чемпионатда қаторасига учинчи мағлубиятни қайд этди – бу баскларнинг 2012 йилдан буён энг ёмон серияси.

«Сельта» сафарда «Эйбар»ни «топтап ташлади» - 4:0, галисияликларнинг ярим ҳимоячиси Пионе Систо 3 ассист муаллифи бўлди. Охирги марта Примерада бир бўлимда 3 пасни 2012 йили Сеск Фабрегас «Барселона»нинг «Депортиво»га қарши ўйинида амалга оширганди.


Италия
«Сампдория» «Милан»ни яксон қилди

Монтелла жамоаси «Сампдория»га қарши ўйинда нурсиз ўйин кўрсатди – ҳали мавсумда мағлубиятга учрамаган генуяликлар жамоаси ўйин давомида рақибни қарши ҳужумлар билан қийнади, жамоа ҳимоячиси Кристиан Сапата иккинчи бўлим ўрталарида ватандоши ва фамилиядоши Дуван Сапатага тўпни топшириб қўйгач, Доннарумма дарвозаси ишғол этилди. Қўшиб берилган дақиқаларда «Милан» дарвозасига Альварес иккинчи голни урди ва жамоа Генуяда 2010 йилдан буён илк марта мағлуб бўлди (0:2).

Ўйин давомида «Милан» битта ҳам аниқ зарба бермади – ёзда сарфланган миллионлар ишончни оқламади. Италия нашрларидан бири Corriere dello Sport муқовасини тонгда «Монтелла чўкмоқда» ёзуви безаб турарди.

Кейинги турда Монтелла жамоасини янада қийин ўйин кутмоқда – «Рома».

«Интер» «Женоа»ни базўр енгди

Миланнинг иккинчи жамоаси ҳам очко йўқотиши мумкин эди. «Грифонлар» ҳали бу мавсумда ғалаба нималигини билмади, аммо жамоа бу ўйинда яхши ҳимояланди ва қарши ҳужумлар уюштирди. Фақатгина 87-дақиқада Данило Д'Амброзио Жоау Мариунинг бурчакдан узатган тўпини дарвозага йўллаб, «Интер»га ғалаба келтирди. Бу жамоанинг А Серияда урилган 12 голининг 8таси ўйинларнинг охирги 15 дақиқалигида урилган.

«Женоа» ўйинни 9 киши бўлиб тугатди, Стефан Омеонг ва Одил Таарабтга қизил карточка кўрсатилди. Охирги марта «Женоа» «Интер»ни Миланда 1994 йили мағлуб этганди.

«Лацио» «Верона»га 3та гол урди, тиниб-тинчимас Чиро Иммобиле дубль қайд этди. Энди унинг голлари сони 8тага етди, у шунингдек, 3 голга ҳаммуаллифлик қилган.

«Аталанта» «Фиорентина» билан ўйинда дурангга эришди. Бергамоликлар ўйин бошида Федерико Кьезанинг голини ўтказиб юборишди, иккинчи бўлимда эса «Аталанта»нинг собиқ дарвозабони Марко Спортьелло Алехандро Гомеснинг пенальтидан берган зарбасини қайтарди. Ўйинда барибир ирода кўрсатилди, 94-дақиқада Ремо Фройлер узоқдан берган зарба дарвоза тўрига бориб тушди - 1:1.


Германия
«Байер» «Ҳамбург»ни осонлик билан енгди

«Аптекачилар» Бундеслигадан ҳеч қачон тушиб кетмаган бу жамоани қаторасига олтинчи учрашувда ҳам енгди. Ҳамбургликлар бу мавсумни ҳам муваффақиятсиз ўтказмоқда. Биринчи бўлимда ямайкалик Леон Бэйли иккита голли пас берди. «Байер» бу ўйинда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди, «Ҳамбург» кетма-кет тўртинчи мағлубиятни қайд этди.

«Ҳанновер» Бундеслигага узоқ вақт қолмоқчи. Бу мавсумда яна қайтган жамоа стартни яхши бошлаганди, аммо «Кёльн»га қарши ўйинда ҳисоб очилмай қолди (0:0).

Франция

«Марсель» сентябрни аъло даражада ўтказмоқда. Руди Гарсия шогирдлари қаторасига учинчи ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда ғалабага эришди - «Тулуза» 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Лукас Окампос битта гол уриб, иккинчи голга пас берди. Энди провансалларни олдинда жиддий рақиблар кутмоқда – Европа Лигаси доирасида «Зальцбург»га қарши ўйиндан кейин Ниццага сафар қилинади.