Лондон ҳокими Содиқ Хон АҚШ президенти Дональд Трампнинг Буюк Британияга ташрифига давлат ташрифи мақомини беришни хато деб ҳисобламоқда. Хон мухолифатдаги Лейбористлар партиясининг Брайтон шаҳридаги йиллик съездида шу ҳақда сўз юритди, деб ёзмоқда The Guardian нашри.

Трампнинг давлат ташрифи билан келишини қандай баҳолаши ҳақидаги саволга жавоб берган Содиқ Хон Американинг ҳозирги раҳбарини давлат ташрифи даражасида кутиб олишни хато деб ҳисоблашини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Трамп Лондонга келганида, у Оқ уй раҳбарини мусулмонлар билан учрашувга таклиф этади. Хоннинг қўшимча қилишича, Трамп унинг оиласи билан ҳам учрашади, аммо улар бундан хурсанд бўлиши даргумон. 

Содиқ Хон асли келиб чиқиши покистонлик ишчи оиласидандир. Унинг анжуманда таъкидлашича, Ғарб мамлакати фуқароси бўлиши баробарида Ислом динига эътиқод қилишидан фахрланади. У Трампнинг АҚШга қатор мусулмон мамлакатлар фуқароларини киритмаслик бўйича фармонини изоҳлар экан, Трамп ИШИД чалаётган куйга рақс тушаётганини қайд этди.