Россиянинг «ЛУКОЙЛ» компанияси 2022 йилгача Ўзбекистонда лойиҳаларга уч миллиард долларлик инвестиция киритишни режалаштирмоқда, дея хабар берди компания раҳбари Вагит Алекперов журналистларга.

У Қандим ва Ҳисорда жойлашган барча объектларни тўлиқ ривожлантириш учун компания қўшимча 3 миллиард доллар сармоя киритиши кераклигини таъкидлади.

Вагит Алекперовнинг таъкидлашича, ушбу инвестицион циклдан сўнг «ЛУКОЙЛ» Ўзбекистондаги янги лойиҳаларга сармоя кирита олади.

«ЛУКОЙЛ» раҳбари Ўзбекистон Президенти инвестицион циклдан сўнг янги лойиҳаларни тайёрлаш вазифасини топширганини таъкидлади. «2021-2022 йилларда биз инвестицион циклимизни тугатамиз ва кейинги лойиҳалар бўйича иш олиб борамиз», - дея қўшимча қилди у.

Алекперовнинг сўзларига кўра, 2017 йил охиригача ЛУКОЙЛ’нинг Ўзбекистондаги лойиҳаларга киритган сармояси умумий қиймати 6 миллиард долларга етади.

«ЛУКОЙЛ» Ўзбекистонда газ қазиб чиқаришни 2020 йилгача 16 миллиард куб метрга етказишни режалаштирмоқда. Шулардан 8 миллиард кубометр Қандим, 5 миллиард кубометр Ҳисор ва 3 миллиард кубометр газ Хаузак ҳисобидан амалга оширилади.