Савдо соҳасида ишлаш инсоннинг ишбилармонлик сифатларини юксалтиради ва Forbes журнали рўйхатига тушишда ёрдам беради, деб ҳисоблашмоқда экспертлар.

Forbes маълумотларига кўра, жаҳоннинг энг бой 100 нафар инсони 2,3 триллион доллар миқдоридаги пулга эгалик қилишади, яъни, бу — дунёдаги жамики бойликнинг 1–1,3 фоизи демакдир. Британиянинг Aaron Wallis рекрутинг компанияси бўлажак миллиардерлар ким бўлиб ишлашганини ўрганиб чиқди. Уларнинг тадқиқоти натижаларига кўра, сайёрамизнинг 100 нафар энг бой одамидан 30 нафари оилавий компанияларда иш бошлашган ва бизнес уларга мерос сифатида қолдирилган, 17 фоизи ўз бизнесини бошлаган бўлса, 53 фоиз инсон ёлланиб ишлаган.


 

Бизнесменлар ким бўлиб ишлаганини таҳлил этиб, экспертлар уларнинг аксарияти сотувчи сифатида иш бошлашгани тўғрисида хулосага келишган. 53 миллиардердан 10 нафари ўзларига тегишли бўлмаган компанияда ўз карьерасини бошлашган ва савдо билан шуғулланишган. Масалан, Уоррен Баффет 10 ёшлигида бобосининг дўконидан «Кока-Кола» ва сақич сотиб олиб, ўзининг ўртоқларига қимматроққа пуллаган. Aaron Wallis маълумотларига кўра, яна тўққиз нафар ишбилармон ўз йўлини биржа трейдери позициясидан бошлашган, яна беш нафари дастурий таъминот ишлаб чиқувчи, шунчаси инженер, тўрт нафари эса таҳлилчи бўлган.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишларича, ўз карьерасини савдода бошлаганларнинг муваффақияти кўпроқ улар ёшлигидан битим нималигини англаб етгани билан тушунтирилади. Бу брокер бўлиб бойлик орттиришидан аввал ўйинчоқлар ва совғалар дўконида ишлаган Жорж Соросга (25,2 млрд. доллар билан Forbes глобал рейтингида 29-ўринда) ҳам тегишли. Худди шу жиҳат Dell компьютер компаниясига асос солишидан аввал газетанинг реклама бўлимида «совуқ» қўнғироқларга жавоб берувчи бўлиб ишлаган Майкл Деллда (24 млрд. доллар билан Forbes глобал рейтингида 38-ўринда) ҳам бўлган.

Тадқиқотчилар Forbes рўйхатига тушиш ва олий маълумотга эга бўлиш орасида боғлиқлик бор-йўқлигига ҳам эътибор қаратишган. Уларнинг маълумотига кўра, бу икки омил ўртасида муҳим боғлиқлик мавжуд: миллиардерларнинг 3/4 қисми (100 дан 75 нафари) олий маълумотга эга бўлишган. Уларнинг 22 нафари инженерликка, 16 нафари бизнес таълимотга, 11 нафари — иқтисодиёт соҳасида, олти нафари — юриспруденцияда ўқишган (масалан, улардан бири Facebook асосчиси Марк Цукерберг бўлиб, у Forbes глобал рейтингида 5-ўринни эгаллаб турган бир пайтда — 2017 йилнинг майида Ҳарвард университетининг докторлик фахрий унвонини қўлга киритган).

Умуман олганда, экспертлар олий маълумот олган кишилар бойиш учун кўпроқ имкониятга эга деб ҳисоблашмоқда. Технологиялар орқасидан пул ишлаб топган тадбиркорларнинг кўпчилиги техник маълумотга эга бўлишган, бунга мисол қилиб Amazon эгаси Жефф Безос (72,8 млрд. доллар билан Forbes глобал рейтингида 3-ўринда) ёки Google ҳаммуассиси Ларри Пейж (40,7 млрд. доллар билан Forbes глобал рейтингида 12-ўринда) ни келтириш мумкин.