Адлия вазирининг буйруғи (2017 йил 13 сентябрь) билан Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
 
Norma.uz'нинг ёзишича, эндиликда нотариус лавозимида ишлаётган шахс танловда иштирок этиш учун у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳамда бошқа ҳужжатлар билан бирга нотариус лавозимидан озод этилганлиги ҳақидаги буйруқ нусхасини тақдим этиши талаб этилмайди. Демак, бундай шахс ўз лавозимида ишлаб туриб танловда иштирок этиши мумкин.
 
Илгари танлов 2 босқичда - тест синови ва ёзма-оғзаки шаклда ўтказилар эди. Тест синовида 50 та саволга жавоб бериш керак эди. Талабгорлар тест синовини топширмагунга қадар танловнинг 2-босқичига қўйилмас эди. Эндиликда танлов фақат ёзма-оғзаки шаклда ўтказилади.
 
Илгари нотариус лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларга бир йил муддатга мураббий-нотариус тайинланиши назарда тутилган эди. Ушбу талаб бекор қилинди.
 
Ҳужжатга бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.
 
2017 йил 18 сентябрда кучга кирди.