Япония бош вазири Синдзо Абэ мамлакат парламентининг қуйи палатаси 28 сентябрь куни тарқатиб юборилишини расман эълон қилди. NHK телеканалининг хабар қилишича, у Япония Либерал-демократик партиясининг навбатдан ташқари ўтказилган мажлисида шу ҳақда маълум қилган. 

Хабарларга кўра, парламент қуйи палатаси навбатдан ташқари мажлисининг биринчи иш кунида тарқатиб юборилади. Шундан сўнг, 22 октябрь кунига навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилиши белгиланиши кутилмоқда. Сайловолди кампанияси 10 октябрда бошланади. 

Аслида парламент қуйи палатасининг ваколатлари 2018 йил декабрида якунланиши керак эди. Бироқ, Япония бош вазири навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш йўли билан ЛДП ўрнини сақлаб қолишни режалаштирмоқда. У ҳукмрон коалициядаги "Янги Комэйто" билан бирга иккала палатада ҳам мутлақ устунликни эгаллаб турибди. Бундан ташқари, сайловчилар қўллаб-қувватлашига эришишни кўзлаётган Абэ "абэномика сиёсати" доирасида ислоҳотларни давом эттириш ниятида. 

Япония парламенти қуйи парламенти учун сўнгги сайловлар 2014 йил декабрида ўтказилган эди. Ўшанда ЛДП ва "Янги Комэйто" ғалаба қозонган эди. Бугунги кундаги парламент қуйи палатасидаги 475 ўриндан 323 ўрни шу икки партияга тегишли.