Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтаётган Ёпиқ иншоотлар ва жанг санъати бўйича V Осиё ўйинларининг 9-мусобақа куни якун топди.

Футзал ярим финалида Япония терма жамоасига қарши майдонга чиққан футзалчиларимиз ўта мураккаб ўйинда финал йўлланмасини ҳал қилишди. Ўйиннинг асосий бўлимлари 3:3 ҳисобида якун топгач, ўзбекистонлик футзалчилар пенальтилар сериясида кунчиқар юрт вакиллари устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқишди.

Япония - Ўзбекистон 3:3 (пенальтилар серияси - 2:3)

Голлар: Кашо Тамуро 8, К.Шимизу 27, Ш.Хара 34 - К.Свиридов 20, Д.Абдураҳмонов 23, Д.Чориев 35

Финалда футзалчиларимизни Эрон терма жамоасига қарши мураккаб баҳс кутиб турибди.

3Х3 баскетбол мусобақасида қизларимиз финалда Таиланд терма жамоасига қарши баҳс олиб боришди ва қўшимча дақиқаларда 20:22 ҳисобида имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритишди.

Эътиборлиси шундаки, бундай йирик мусобақалар тарихида илк бор жамоавий спорт турларида икки жамоамиз финалга чиқмоқда.

105 кг.гача бўлган оғир атлетикачилар мусобақасида Иван Ефремов олтин медални қўлга киритди. 94 кг вазн тоифасида Фарҳод Собиров кумуш, 90 кг вазн тоифасида Долера Давронов бронза медалини қўлга киритди.

68 кг.гача вазндаги самбочилар мусобақасида Сарбон Эрназаров ва 90 кг.гача вазнда Неъмат Ёқубов олтин медалга сазовор бўлишди.

Эркин кураш мусобақасида финалга чиққан Маҳмуджон Шавкатов ва Бекзод Абдураҳмонов олтин медални эгаллашди.

9-кунги мусобақалардан сўнг Ўзбекистонлик спортчилар 21 та олтин, 28 та кумуш ва 57 та бронза — жами 105 та медал тўплаб медаллар жадвалининг 4-поғонасидан жой олишган.

1-ўринда турнир мезбонлари — Туркманистон спортчилари ҳисобида 79 та олтин, 58 та кумуш, 69 та бронза — жами 206 та медал бор.

2-ўриндаги хитойлик спортчилар 23-21-17 кўрсаткич билан 61 та медал тўплашган.

3-ўриндаги Эрон спортчилари 22-18-49 натижа билан 89 та медал жамғаришган.