Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон Маданият маркази раҳбарияти шоир ва таржимон Усмон Қўчқорнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оиласи ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради. 

"Ўзбек ва Озарбойжон адабиёти оғир жудоликка учради. Машҳур ношир, шоир, олим, Озарбойжон адабиётини ўзбек тилига ўгирган таржимон Усмон Қўчқор ҳаётдан кўз юмди. 

Усмон Қўчқор 65 ёшда ҳаёт билан видолашди. У узоқ йиллар Озарбойжон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб келган.


Озарбойжон халқ ёзувчиси Юсиф Самидўғлининг "Қатл куни", Анорнинг "Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати", "Мен, сен, у ва телефон" романларини ўзбек тилига таржима қилган. Шунингдек Озарбойжон халқ шоири Собир Рустамхонлининг "Тангри", Юнус Ўғузнинг "Амир Темур", "Шохнинг аёли ва жодугар", "Султон Алп Арслон" романлари ҳамда Элчин Эфендиевнинг "Танланган асарлар"и ўзбек хонадонларига Усмон Қўчқор таржималари орқали кириб борган.

Бундан ташқари, ўтган йили нашрдан чиққан "Замонавий Озарбойжон шеърияти антологияси" китобининг таржимонларидан бири ҳам Усмон Қўчқор бўлган. У Жалил Мамедгулузаде ва Ҳусайн Жавиднинг танланган асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Озарбойжон Маданият Маркази лойиҳасига кўра “Wikipedia.orq” халқаро электрон энциклопедиясидаги Озарбойжон ҳақидаги мақолаларнинг таржимонларидан бири ҳам Усмон Қўчқор бўлган. 

  Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон Маданият маркази раҳбарияти Усмон Қўчқорнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оиласи ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради. Усмон Қўчқор инсонлар хотирасида мангу муҳрланиб қолади", - дейилади таъзия мактубида. 

21 сентябрь куни KUN.UZ'да таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.