Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. ЎзА сайтида ушбу қарорга шарҳ келтирилган.

Кейинги вақтларда дарёлар ўзанлари, кўллар, сувни муҳофаза қилиш зоналари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш (кейинги ўринларда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш деб юритилади) ишларини ўтказиш кўринишида амалга ошириладиган қум-шағал материалларини назоратсиз қазиб олиш ҳолатлари кўпайди. 

Ушбу фаолият дарё тубларининг ювилиб кетишига, қирғоқларнинг ўпирилишига сабаб бўлади, бу, ўз навбатида, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига, шунингдек, атроф табиий муҳитга зарар етиши учун шарт-шароит яратмоқда. 

Фақат 2017 йилнинг ўтган даврида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 228 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган. 

Юзага келган вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур қарор билан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга оширишга йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган. 

Бундан ташқари, транспорт ва гидротехника инфратузилмаси объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш соҳасида аниқ вазифалар белгиланди. 

Хусусан, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади. 

Мазкур ишларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида сел, тошқин ва ер кўчкиси хавфи бўлган туманларда қирғоқни мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш ишлари бўйича ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядлари ташкил этилади. Ушбу фаолият билан бошқа ташкилотлар ҳам шуғулланиши мумкин. 

Бундай ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 февралдаги ПҚ-585-сон қарори билан ташкил этилган Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарори асос ҳисобланади. 

Бунда Комиссия томонидан шундай қарор Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиpлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг дарёлар ўзанларини ўрганиш ҳамда тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш имкониятларини баҳолаш натижалари бўйича қўшма хулосаларига асосан қабул қилинади. 

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишга лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши шарт. 

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини молиялаштириш бюджет маблағлари, марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари, вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. 

Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, унинг экологияга салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашда амалга ошириладиган мазкур фаолият лицензияланиши шарт. 

Дарёлар ўзанларида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқи учун лицензия Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 2 майдаги ПҚ-1524-сон қарори билан белгиланган тартибда тасдиқланган захиралар мавжудлиги ва сув режимига салбий таъсирга йўл қўймаслик шарти билан берилади. 

Норуда фойдали қазилмалар конини ишлаб чиқиш “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ер қаъридан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминловчи ишлаб чиқиш тизими бўйича амалга оширилади. 

Мазкур соҳадаги қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида вилоят, туман ва шаҳарлар даражасида таркибига 12 та вазирлик, идора ва ташкилотларнинг, шу жумладан, давлат чегараларини ҳимоя қилиш, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари киритилган доимий фаолият кўрсатувчи идоралараро гуруҳлар ташкил этилади. 

Ушбу гуруҳлар республикада мавжуд умумий узунлиги 12,7 минг километрни ташкил этувчи 437 та дарё ва бошқа сув объектлари ҳудудлари бўйича ўз фаолиятини олиб боради. 

Идоралараро гуруҳлар фаолиятига раҳбарлик прокуратура органларига юкланади. 

Идоралараро гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: 

– дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларининг ҳолатини лойиҳа ҳужжатлари, лицензия шартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиш; 

– дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш; 

– ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларига риоя этиш масалалари бўйича профилактика тадбирларини ўтказиш. 

Бундан ташқари, давлат раҳбари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилишгача бўлган жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. 

Ушбу қарорнинг рўёбга чиқарилиши, шак-шубҳасиз, дарё ва сув ҳавзаларининг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишни, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, шунингдек, қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олишнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш имконини беради.