2017 йил 18 апрелдаги ПҚ–2896-сон “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирининг буйруғи (2017 йил 13 сентябрь) билан Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Norma.uz’нинг ёзишича, ҳужжатга кўра профилактика инспекторлари ўзларига бириктирилган ҳудуд бўйича тегишли фуқаролар йиғинларида ҳар ой якуни бўйича ҳисобот беради.

Йиғин ўтказилишидан 3 кун олдин бу ҳақда фуқаролар йиғинида кўринарли жойга эълон осиб қўйилади ҳамда аҳолига етказиш чоралари кўрилади. Профилактика инспектори фаолиятига аҳоли томонидан ҳаққоний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини раиси ҳудуддаги уйлар аҳолиси (уларнинг вакиллари) қатнашишини таъминлайди. Йиғинга фуқароларни турли сабаблар билан қатнашишини тақиқлашга йўл қўйилмайди.

Профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитиш якунларига кўра улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва иш натижалари танқидий муҳокама қилинади, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилади, шунингдек эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади ҳамда ички ишлар органи бошлиғига тақдим этилади.

Фуқаролар йиғини унда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган барча аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир. Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаганда фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказилади. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши, агар унда фуқаролар вакилларининг камида 2/3 қисми қатнашса, ваколатлидир.

Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) қарор унда қатнашганларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда йиғинни (йиғилишни) олиб борувчи масъулларнинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

2017 йил 1 октябрдан кучга киради.