Россиянинг Ленинград вилоятидаги Ропша аҳоли пунктида 23 сентябрь куни кечқурун йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш вақтида машиналардан бирининг юкхонасидан аёл кишининг жасади топилди. Россия Тергов қўмитасидан хабар беришларича, машина олиб қочилган бўлган. Ҳайдовчи қўлга олинди.

Машина маҳаллий фуқарога тегишли бўлган. Тергов қўмитаси хабарида юкхонадан унинг жасади топилгани борасида ҳеч нарса дейилмаган. Қотиллик моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.

47news маълумотига кўра, 23 сентябрь куни эрталаб Hyundai Creta маркали бу машинада маҳаллий фуқаро Ольга Точенная қўзиқорин теришга йўл олган. У кечқурун қайтиб келмагач, турмуш ўртоғи Дмитрий ва ўғли Александр аёлни излай бошлашди.

Ропшада улар Hyundai’ни пайқашган, бироқ машина рулида номаълум эркак бўлган. Улар автомобилни таъқиб қилишни бошлашган ҳамда натижада йўл-транспорт ҳодисаси келиб чиқди. Кейинчалик юкхонадан топилган жасад Ольга Точеннаяга тегишли экани аниқланди.

Фото: 47news

Нашрнинг хабар беришича, қўлга олинган шахснинг исми-фамилияси Зуҳриддин Бўриев бўлиб, у Ўзбекистон фуқаросидир.