Саудия Арабистони таълим вазирлиги ижтимоий фанлар дарсликларини ўзгартиришни бошлади. Бунга марҳум подшоҳ Файсал бин Абдул Азизнинг "Юлдузлар жанги" фильми қаҳрамони, магистр Йода билан сурати сабаб бўлмоқда. Вазирлик вакили Муборак ал Осимий Twitter саҳифасида шу ҳақда маълум қилмоқда.

Дарсликдаги суратда Йода подшоҳ 1945 йили БМТ Низомини имзолаётган вақтда унинг ёнида ўтиргани акс этган. Файсал бин Абдул Азиз Саудия Арабистонини 11 йил мобайнида бошқарган ва кўплаб ўзгаришларни амалга оширган, хусусан, унинг ҳуқуқий тизимига асос солган, деб ёзади РИА Новости. 

Фото: twitter.com/OrAroundTen

24 сентябрда вазирлик вакили бу ҳолатни подшоҳни қасддан мазах қилиш деб баҳолаган ва дарсликни чиқариш учун масъуллар иштирокида мажлис ўтказган.

"Жавобгар аниқланганидан сўнг, таълим вазирлиги ўрта мактаблар учун чоп этилган ижтимоий фанлар китобларини ўзгартиришга қарор қилди", — деб қайд этган Ал Осимий. 

Аввалроқ, таълим вазири Аҳмад ал Исо "БМТ Низомини имзолаш сурати билан пайдо бўлган сурат учун узр сўраб, жавобгарни топиш бўйича махсус комиссия тузилганини билдирди.

Фотосурат муаллифи саудиялик рассом Абдуллоҳ аш-Шаҳрий тарихий фотосуратларга замонавий қаҳрамонларни жойлаштириш билан қатор суратлар сериясини ясаганини тан олди. Унинг изоҳ беришича, у Йодани бекорга подшоҳ ёнига қўймаган. "У ақлли ва яхши нотиқ эди. Шу боисдан ҳам мен Йодани танладим. Чунки у бу жиҳати билан подшоҳга ўхшаб кетади. Бундан ташқари Йода яшил тусда", — деган рассом. Аммо Аш Шаҳрий ўз фотошоп маҳсулотининг дарсликда қандай пайдо бўлганига алоқаси йўқлигини билдирди.