Буюк британиялик Берни Экклстоун «қироллик пойгалари» орқасидан миллиардер бўлган. Аммо, «Формула-1» жамоалари эгаларининг барчаси ҳам фойда кўравермайди. 

«Формула-1» тарихи 1950 йилда бошланган. Автопойгалар бўйича биринчи жаҳон чемпионатида бош соврин Жузеппе Фаринага насиб этди. У Alfa Romeo машинасида биринчи ўринни эгаллади. Ярим асрдан кейин Италия ишлаб чиқарувчиларининг суперкарлари энг тез машиналардан бири бўлиб қолмоқда, Ferrari каби пойга жамоалари пойга йўлида юқори натижаларни кўрсатиб келмоқда.

Бироқ жамоалар нафақат биринчи ўрин учун балки реклама берувчилар учун ҳам кураш олиб боришади. Lotus жамоасининг 1968 йили Imperial Tobacco билан шартнома имзолаши ортидан «Формула-1»да ҳомийлик даври бошланди. 2016 йили жамоаларнинг ҳомийлардан кўрган умумий даромади 550 млн фунт стерлингга яқин бўлди. 2012-2015 йиллардаги чемпионатларда иштирок этган Lotus жамоаси ижрочи директори Мэттью Картер BBC телекомпаниясига берган интервьюсида орқа қанотдаги биттагина баннер бир мавсумда 25 млн доллар туриши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди. 

«Формула-1» бизнес империясининг ташкил этилишида миллиардер Берни Экклстоуннинг хизматлари катта. У Forbes журналининг миллиардерлар рўйхатида 2,9 млрд доллар билан 693-ўринда. У чемпионатдаги бошқарувини даставвал 1949 йилда пойгаларда иштирок этишдан бошлади. Кейинчалик ўзининг Connaught жамоасига эга бўлди. 1979 йили «Формула-1» конструкторлари уюшмаси президенти бўлди ваилк маротаба чемпионатни телевизион ҳуқуқларини сотишни йўлга қўйди. Экклстоун Delta Topco фирмасини ҳам бошқарар эди. Бу компания Formula One Management (FOM), Formula One Licensing (FOL) ва қатор ўнлаб фирмалар сингари Formula One Administration (FOA)ни ҳам назорат қиларди. FOA 2110 йилга қадар чемпионатдан ҳар қандайтижорий даромад кўриш ҳуқуқига эга бўлган фирма ҳисобланади. 

2006 йилдан бери пойгаларни CVC Capital Partners инвестиция фонди бошқарган, аммо ўтган йили «Формула-1» эгалари яна ўзгарди. Эндиликда Liberty Media пойгалар сериясининг янги хўжайини ҳисобланади. У телемагнат Жон Мелоунга (Forbes глобал рейтингида 7,7 млрд доллар бойлик билан 174-ўринда) қарашли. Франшиза қиймати 8 млрд доллар деб баҳоланди. Аммо, 3,6 млрд долларлик қарзни ҳисобга олганда, хариднинг ўзи Мелоунга 4,4 ммлрд долларга тушди. Битим 2017 йил 24 январда ёпилди. Хўжайин ўзгариши муносабати билан Экклстоун ҳам Delta Topco фирмасининг 5,3 фоиз акциясини сотиб юборди ва 2017 йил 23 январь куни FOM ҳамда FOA президенти лавозимидан истеъфога чиқарилди. Айни вақтда Liberty Media «Формула-1» устидан якка ҳоким ҳисобланади. 2016 йил якунлари бўйича унинг даромади 1,8 млрд долларни ташкил этган. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Forbes рейтингида «Формула-1»нинг қатор президентлари ва жамоалар эгаларини учратиш мумкин. Хусусан, Red Bull Racing ва Toro Rosso жамоалари Red Bull GmbH асосчиси, австриялик миллиардер Дитрих Матешицага (Forbes глобал рейтингида 13,4 млрд долларлик бойлик билан 86-ўринда) тегишли. Red Bull Racing 2005 йили Ford компаниясидан харид қилинган Jaguar Racing негизида барпо этилган эди. Jaguar Racing эса ўз вақтида 1 доллар эвазига сотилганди. Аммо савдо битимида келгуси 3 мавсумда камида 400 млн доллар сармоя киритиш шарти белгиланганди. 

Toro Rosso Red Bull компаниясининг илғор Red Bull Racing жамоасидан фарқли ўлароқ, ёш пилотлар учун синов майдончаси вазифасини ўтайди. Toro Rosso пойгачиларининг деярли барчаси Red Bull Junior Team аъзоси бўлган. Toro Rosso учун россиялик ягона пойгачи Даниил Квят ҳам иштирок этади. У 2016 йили 850 000 доллар атрофида маблағ олди. Икки жамоанинг жами бюджети 2016 йилда 315 млн фунт стерлингни ташкил этди. Red Bull Racing жамоасининг ўтган йилдаги даромади 220 млн фунт стерлингни ташкил этади, Toro Rosso бу давр ичида атиги 100 млн фунт ишлаб топа олди.

Ҳиндистонлик саноатчи Виджай Маллья (бойлиги 750 млн доллар) 2008 йилдан Force India жамоасига эгалик қилиб келади. Гуруҳни спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчиси Spyker фирмасидан 123 млн доллар эвазига харид қилган эди. Жамоа ҳеч қачон чемпионат етакчиси сифатида қайд этилмади. Унинг энг яхши натижаси Серхио Переснинг 7-ўрни ва 2016 йилги конструкторлар кубогида 4-ўринни эгаллаши бўлди. Маллья жамоани зарарсиз даражага олиб чиқа олди, бундан ташқари, жамоа бюджети ва даромади 90 млн фунт стерлинг атрофида сақланиб турди. Шундан 50 млн стерлинг FOM томонидан тақдим этилган.

Кўпмиллионлик бойликлар эгалари орасида «қироллик пойгалари» пилотлари ҳам учраб туради. Формула-1 пойгачиси Михаэль Шумахер 2012 йили ўз фаолиятини тугатган чоғда 800 млн доллар ишлаб топишга улгурган эди. «Формула-1»нинг 7 карра чемпиони ўз бойлигини топишда Ferrari жамоасига миннатдорлик билдириши керак. Айни шу жамоа Шумахерга чемпионатдаги энг юқори маошлардан бирини тўлаб келар эди. Шумахер Ferrari билан 5 бор чемпионлик унвонига саазовор бўлди. 2000 йилги Япония Гран-приси шулар жумласидан. У жамоанинг 21 йиллик тарихида биринчиси бўлганди. 

«Формула-1»нинг ёш ҳайдовчиларидан бири Лэнс Строллнинг ҳам ҳомий борасида омади чопди. Отаси, канадалик сармоядор Лоренс Стролл бойлиги (Forbes рейтингида 782-ўрин) 2,6 млрд доллардир. Лэнс Williams Martini Racing жамоасининг иккинчи пилотига айланди. Бунгача у Ferrari ривожланиш академиясида шуғулланган. Бироқ, «Формула-1» миллиардерларнинг фарзандларини ҳам аяб ўтирмайди. 19 ёшли пойгачининг 2017 йилги Австралия Гран-присида йўл қўйган хатоси қимматга тушди. У учинчи машғулот чоғида машинани уриб олди ва стартдаги беш ўрин ортга ўтиб кетди. 

Рекламадан юқори даромадлар ва пойгачиларнинг юқори маошлари сабабли Формула-1 энг қиммат спорт тури ҳисобланади. Жамоаларнинг 2016 йилдаги умумий қиймати Буюк Британиянинг Autosport журнали томонидан 1,72 млрд фунт стерлинг деб баҳолаган. Реклама зарурий маблағларнинг атиги ярмини қоплайди. Қолган қисмини «Формула-1» (Formula One Management) бошқаруви ва жамоалар ҳомийлари қоплайди. Масалан, 2016 йили чемпион бўлган Mercedes жамоасининг бюджети 265 млн фунт бўлган, шундан 82 млн фунти ҳомийлар маблағларидир. 133 млн фунти FOM бонуси, яна 50 млн фунт стерлинг бевосита  Daimler .

Айтиш жоизки, жамоаларга ҳамма ҳам эгалик қила олмайди. Чемпионатни ташкил этиш билан шуғулланувчи Халқаро автоспорт федерацияси анъанага кўра, «Формула-1»нинг 1 фоизлик акциясига эгалик қилади. У жамоалар сонини ошириш, шу билан пойгаларнинг томошабоплигини ошириш устида бош қотириб келади. 2009 йили FIA президенти Макс Мосли бюджетнинг энг юқори белгиланган чегарасини 40 млн фунт сифатида белгилашга уриниб ҳам кўрди. Бироқ 10 жамоанинг 8 таси бу ҳолатда ўз чемпионатларини ташкил этишларини билдиришди. Ахир 40 млн фунт Ferrari жамоасининг двигателга сарфлайдиган маблағининг атиги 38 фоизидир.