Turkish Airlines авиакомпанияси (THY) АҚШнинг Boeing корпорацияси билан 40 та 787-9 Dreamliner самолёти сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда авиакомпаниянинг ўзи маълум қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга АҚШга сафари давомида ҳамроҳлик қилган авиакомпания раҳбарияти Нью-Йоркда Boeing вакиллари билан учрашув ўтказган.

Айни вақтда 2023 йилгача Туркияга 40 та (20+20) Boeing 787-9 Dreamliner етказиб берилиши кўзда тутилган шартнома муҳокама қилинмоқда.

Turkish Airlines бошқарув раиси Илкар Айжи Boeing 787 Dreamliner дунёдаги энг замонавий ва технологик мукаммал самолётлардан ҳисобланишини айтган.

"Биз компания авиапаркини тўлғазишга ва бугунги кунда Истанбулда қурилаётган дунёдаги энг катта аэропорт эҳтиёжларини таъминлашга интилмоқдамиз", деб айтган Айжи.

Истанбулда қурилаётган аэропорт 2018 йил 29 октябрга очилиши белгиланган. Ушбу аэропорт Истанбулдаги 3-аэропорт бўлади. У йилига 150 млн йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилмоқда. У очилгандан кейин Отатурк номидаги аэропортни ёпиш мўлжалланмоқда. 2017 йил июль ҳолатига кўра аэропорт қурилиши 55 фоизга битказилган.