KUN.UZ таҳририяти Бекобод туманида аҳоли мурожаатларини ўрганди. Маълумки, сув - ҳаёт манбаи. Инсоният учун кундалик бирламчи эҳтиёж ҳисобланган тоза ичимлик суви дунё ҳамжамияти олдидаги глобал муаммодир. Мамлакатимизда ҳам мазкур муаммо долзарблигича қолмоқда. Фақат бизда айрим мутасаддиларнинг маъсулиятсизлиги, ўз вазифасига совуққонлиги сабабли. 

Гап шундаки, Бекобод тумани 6-бўлим Теракзор маҳалласи аҳолиси мана неча йилдирки, сув муаммоси билан курашиб келади. Аслида, муаммонинг ечими маҳаллада фойдаланилмай келаётган сув минорасини ишга тушириш билан ҳал этилади. Аммо ечимга қадар бир қанча тўсиқлар бор. 

«Маҳалламизда 25 йилдан бери тоза ичимлик суви танқислиги бор. Бошқа, узоқ жойлардан канистрларда олиб келиб ичамиз. Қанча мурожаат билан чиқдик, ўзимиз ҳам ҳаракат қилдик, лекин иш чала қолиб кетди. Вилоят ҳокимлигидан келиб, туман ҳокимиятига топшириқ берган. Йиллар ўтиб кетаяпти. Сув чиқарадиган насосга трансформатор ўрнатилганига 5-6 йил бўлди, электр симлари тортиб келинган, бироқ устунларнинг давоми қўйилмаган. Бу ўшанда ҳомийларнинг ёрдами билан давлат томонидан қилинган, лекин охирига етказилмаган. Сув минорасини охиригача етказишга маблағ етмагандир, билмаймиз. Хуллас, чала қолган», - дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Сув минораси ишламаслигига алоқадор бўлган айбдорлар қонун доирасида эртами-кечми жазоланар. Бироқ маҳалла аҳлига айбдорлар жазоланишидан кўра, сув минораси ишга тушиши муҳим. Суҳбатимиз якунида маҳалла раиси етиб келди ва бу хақда ўз фикрларини билдириб ўтди. 

«Металлзаводда бир фирма бор эди, унинг ҳужжатларини тўплаб судга ҳам олиб бордик. Фирма банкрот бўлиб кетгани учун судлар кўрмади. Бу заводнинг ҳомийлиги асосида бўлганди. Лекин ўша фирма ишни охирига етказмай, ташлаб кетган. Бу ишни ҳашар йўли билан қилиш мушкул, сабаби катта маблағ талаб қилади. Трансформатор 250-300 миллион сўм атрофида турар экан. Сув минораси яроқли, унга фақат трансформаторни уласа бўлди. Иш тўхтаб қолганига 8 йил бўлди», - дейди маҳалла раиси Фурқат Сафаров.

Ортга қайтар вақтимиз маҳалланинг кекса онахонлари ҳам ўз дарду ҳасратини изҳор этди.

Хуллас, бу маҳаллада мурожаатлар талайгина. Уларнинг ечими эса мутасаддиларнинг ташаббуси ва ғайратида. Бироқ мурожаат манзилига етиб келган Бекобод тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Олим Эргашев мурожаатларни тинглашга тоқат қилолмади чоғи.

Халқни рози қилиш - бугун ҳар бир раҳбарнинг мақсадига айланди, десак муболаға бўлмайди. Умид қиламизки, мазкур мурожаатлар ечимини Бекобод туман ҳокимлиги қисқа муддатда ижобий ҳал этади.