Ашхободда ўтаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъати бўйича V Осиё ўйинларининг кеча бўлиб ўтган 10-мусобақа кунида ҳам вакилларимиз медаллар учун курашишди.

Куннинг энг эътиборли воқеаси — самбо спорт турида 100 килограммдан ортиқ вазнда финалга чиққан ва рақибини ҳакамлар ҳайъатининг дастлабки хулосасига кўра мағлуб этиб, олтин медалга сазовор деб топилган Олим Худойқуловга мезбон мутасаддиларнинг ҳакамлар ҳайъатига босими туфайли олтин медали бекор қилиниб, унга мағлубият ёзилгани бўлди. Олтин медаль эса туркманистонлик Зафар Мадаминовга олиб берилди. О.Худойқуловга кумуш медаль берилди.

Теннисда яккалик баҳслари бўйича ярим финалда Санжар Файзиев ҳиндистонлик Натаржан Вижайга мағлуб бўлиб бронза медалини қўлга киритди.

Кикбоксинг пойн файтинг (69 кг) вазнда Ҳумоюн Фармонов ярим финалда ироқлик Ҳайдар ал-Асқарийга енгилиб, бронзага эга чиқди. Жаҳонгир Ҳусанов (79 кг) ярим финалда туркманистонлик Шатлик Аллаковни енгиб, финалга йўл олди. Жавоҳир Элибоев (81 кг) лоу кикда суриялик Воил ас-Саййидни енгиб, финалга чиқди.

Самбода О.Худойқулов 100 кг вазнда кумуш олганини айтиб ўтдик. Ирина Кулакова (64 кг) ва Улуғбек Ҳакимов (62 кг) бронза медалларини қўлга киритишди.

Сузиш мусобақасида Алексей Тарасенко 100 м эркин усулда сузиш финалида маррага учинчи бўлиб етиб келди — бронза.

Оғир атлетикадан 105 кг вазнли Рустам Жангабаев 442 кг натижани кўрсатиб, олтин медални қўлга киритди. 

Эркин курашчиларимиз ҳам бир неча медалларни қўлга киритишди. Жумладан, Давит Модзманашвили 125 кг вазнда финалда хитойлик спортчини 8:0 ҳисобида енгиб, шоҳсупанинг энг юқорисини забт этган бўлса, 86 кг вазнда Умид Исманов финалда эронлик Иззатуллоҳ Акбаризаринкулоийга имкониятни бой бериб кумуш медалга эга чиқди. 70 кг вазнда Ихтиёр Наврўзов ва аёллардан 53 кг вазнда Севара Эшмуродова бронза медалини қўлга киритишди.

Шундай қилиб, 10-мусобақа куни давомида спортчиларимиз жами 11 та медаль — 2 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалларини жамоамиз ҳисобига ёзиб қўйишди. Ўзбекистонлик спортчилар 10-мусобақа кунидан сўнг 23 та олтин, 30 та кумуш ва 64 та бронза — жами 117 та медаль тўплаб, медаллар сифати бўйича 4-ўринда, сони бўйича 2-ўринда боришмоқда.

Биринчи ўринда Туркманистон (85+65+79=229), иккинчи ўринда Хитой (34+24+20=78), учинчи ўринда эса Эрон (26+18+58=102) спортчилари боришмоқда.