Мьянмадан Бангладешга қочган роҳингялар сони уч ҳафтада 436 мингдан ошди. БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олий комиссари бошқармаси (UNHCR)нинг матбуот котиби Эдриан Эдвардс брифингда шу ҳақида маълум қилди. 

"UNHCR Бангладешга гуманитар ёрдам кўрсатишни икки баробарга кўпайтиришга чақиради. Бу сўнгги ойда Мьянмадан Бангладешга қочган тахминан 436 минг роҳингя учун вазиятнинг эҳтимолий ёмонлашуви борасида қайғуриш билан боғлиқ", - деди у. 

Бундан аввал Мьянма ғарбидаги роҳингя мусулмонлари истиқомат қилувчи Ракхайн штатидаги вазият кескин ёмонлашгани ҳақида хабар берилганди. 25 августдан буён Мьянмани 400 мингдан зиёд роҳингя тарк этди. Бангладешга қочган роҳингя қочқинларининг умумий сони 800 минг кишидан ортиқни ташкил қилади.