2017 йил 26 сентябрь куни Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судида Тошкент Боровский тиббиёт коллежининг 2-курс талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан очилган жиноий иш бўйича дастлабки суд эшитуви бўлиб ўтди. Судья Матчанов Матчонбой раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчилар (марҳумнинг онаси) Нилуфар Алиева ва отаси Маҳамаджон Турсунов ҳамда уларнинг адвокати Исмаилова, судланувчи Тўлаганов Исломбек Абдужамилович ва унинг адвокати Тохиров, давлат айбловчиси, адлия кичик маслаҳатчиси Бахтиёр Акромов бевосита иштирок этишди. 

Бундан ташқари, суд мажлиси очиқ тарзда ўтганлиги сабабли унда фуқаролар ҳамда ОАВ вакиллари ҳам қатнашди. 

Фото: Судланувчи Тўлаганов Исломбек Абдужамилович
ҳамда унинг адвокати Тоҳиров
Фото: Жабрланувчининг онаси Алимова Нилуфар

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси шу йилнинг 2 июнь куни, Яшнобод тумани ҳудудидаги 145-мактаб олдида Жасурбек Махамад ўғли Иброҳимов, унга оғир тан жароҳатлари етказилганлиги сабабли вафот этгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан 1999 йилда туғилган Исломбек Абдужамилович Тўлагановга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Кейинчалик тергов ишини Тошкент шаҳар прокуратураси ўз зиммасига олган эди. 

Фото: Судланувчи Тўлаганов Исломбек Абдужамилович
Фото: Жабрланувчининг онаси Алимова Нилуфар
Фото: Жабрланувчининг отаси Маҳамаджон Турсунов

Мазкур иш бўйича тергов жараёни 2017 йил 29 август куни ниҳоясига етказилган ва мавжуд материаллар жиноий ишлар бўйича Миробод туман судига оширилган. 

Бугунги мажлисда дастлаб айбловчи айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Судланувчи прокурор томонидан ўқиб эшиттирилган айблов хулосасига иқрор бўлмаслигини айтди.

Шундан сўнг, жабрланувчининг онаси Нилуфар Алимованинг кўрсатмалари тингланди. Адвокатлар ва прокурор томони турли саволлар билан воқеликка ойдинлик киритишди. Сўнгра, жабрланувчининг отаси Маҳамаджон Турсунов кўрсатмалари тингланди. У рафиқаси Алимованинг кўрсатмаларини тасдиқлади. 

Навбатдаги суд мажлиси 29 сентябрь кунига белгиланди.