Дубайда электромобиллар эгаларига бепул автотураргоҳлар ва қувватлаш шохобчалари тақдим қилинади. Шаҳар шу тариқа аҳолини электротранспортга ўтишга ундамоқда, деб ёзмоқда Bloomberg ахборот агентлиги. Нефтга бой БАА одамларнинг нефтга боғлиқлигини камайтириш ва унинг экологияга таъсирини камайтириш мақсадида  экологик тоза транспортга ўтмоқчи.

Дубайда жамият автомобилларга кучли боғланган, шаҳарлар бўйлаб полосалари 14 тагача етадиган йўллар ётқазилган. Бу ерда нефть жуда кўп, бироқ ҳукумат электромобилларни оммавийлаштириш ҳақида ўйламоқда. Прогнозларга кўра, 2020 йилда шаҳар кўчаларида 32 мингта электромобил ҳаракатланади, 2030 йилга келиб эса улар яна 10 мингтага кўпаяди.

2015 йилда шаҳарда электромобилларни қувватлаш учун 100 та устун ўрнатилганди. Энди кейинги йилда яна 100 та ўрнатиш ваъда қилинмоқда. Одамларни электромобиллар харид қилишга ундаш мақсадида бу қувватлаш устунлари хизмати 2019 йилгача бепул бўлади. Шунингдек, бундай машиналар эгалари бепул парковка имкониятини олишади, маҳаллий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси электромобил билан билан боғлиқ рўйхатга олиш ҳаракатларини ва бундай транспорт учун солиқни бекор қилади.

Яқин Шарқ давлатларининг тактикаси давлат ичида нефть ишлатилишини қисқартириш ҳисобланади. Бу уни кўпроқ миқдорда экспорт қилиш имконини беради. Дубай ҳиссасига дунёдаги нефть захираларининг тахминан 6 фоизи тўғри келади. 

Қўшни Саудия Арабистони эса 2030 йилгача тоза энергетикага 50 млрд доллар сарфламоқчи. Мамлакат атом электростанциялари лойиҳаларини ва нефтга боғлиқликни секин-аста камайтиришнинг бошқа чораларини ишлаб чиқмоқда. Мисол учун, бу ерда дунёдаги энг йирик шамол электростанцияси лойиҳаси ишга туширилмоқда. Нефтдан тушадиган пуллар бу давлатларни ички бозор учун тоза энергия ишлаб чиқарувчи йирик давлатларга айлантирмоқда.