Ироқ Курдистонидаги мустақиллик бўйича референдумни қўллаб-қувватлаган Исроил қўшни давлатлар томонидан блокада амалга ошириладиган бўлса, унга ёрдам бера олмайди, дея маълум қилди Туркия президенти Тоййиб Эрдўған сешанба куни.

Референдум душанба куни бўлиб ўтди. 9 фоиз бюллетенлар ҳисоб-китобига кўра, 93 фоиз иштирокчилар минтақанинг мустақиллиги учун овоз беришган. Расмий якунлар пайшанба куни эълон қилинади.

"Референдумни ким қўллаб-қувватлади, ким натижаларни тан олмоқда? Биргина Исроил. Хўш, нима қилибди? Косовони ўнлаб давлатлар тан олди, бироқ у ҳалигача давлат бўла олгани йўқ. Исроилнинг тан олиши нима беради? Референдум ўтказиш билан иш ҳал бўлади, деб ўйлайсизларми? Биз санкцияларни жорий этишни бошлашимиз билан, нефть жўмрагини бураб қўйишимиз билан – ҳаммаси тугайди. Барча даромадлар тўхтайди. Шимолий Ироққа юк машиналари қатнашни бас қилса, у ерда истеъмол қилиш учун яроқли ҳеч нарса қолмайди. Исроил уларга ниманидир қандай етказиб беради? Марҳамат, уриниб кўрсин", - деди Эрдўған Анқарадаги олий ўқув юртлари ўқитувчилари олдида чиқиш қилиб.

Аввалроқ Эрдўған курдлар мустақиллигига нефть бўйича чекловлар билан жавоб қайтармоқчи экани хабар берилганди.