Эрон ҳукумати Telegram асосчиси Павел Дуровга нисбатан жиноий иш очди. Бу ҳақда Эроннинг ISNA ахборот агентлиги хабар бермоқда

Теҳрон прокурори Аббос Жафари Давлатободийнинг айтишича, бу Telegram’нинг ИШИД террорчилик гуруҳи аъзолари орасида машҳурлиги билан боғланган. Мессенжернинг жиноятларни содир этишда қўлланиши яна бир сабаб бўлган.

"Telegram тармоғи террорчиларга, шу жумладан ИШИДга хизмат қилишидан ташқари, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва одамлар савдоси бўйича ҳам хизматларни тақдим қилади", деб айтилган бош прокуратурада. 

Павел Дуров у томондан яратилган мессенжерда террорчилар бемалол гаплаша олишларида бир неча бор айбланган. Июнь охирида Россия Федерал хавфсизлик хизмати Санкт-Петербург метросидаги теракт ташкилотчилари портлашни тайёрлашда Telegram’дан фойдаланишганини маълум қилганди. ФХХда айтилишича, Россиядаги террорчилар хорижий кураторлари билан айнан шу мессенжер ёрдамида боғланадилар.

Дуровнинг ўзи эса Эрон бош прокуратурасининг бу қароридан таажжубда эканини айтган.

"Мен бу янгиликдан таажжубдаман. Биз Эронда террорчилар ва порнографик контентни фаол тўсамиз. Фикримча, бунинг асл сабаби бошқа нарсада яширинган", деб ёзган Дуров твиттерда.

Унинг таъкидлашича, компания маълумотларига кўра, Эронда ҳар куни порнографик ва террорчилик контентига эга мингдан кўпроқ канал, бот ва чатлар тўсилади.