Levi's кийим-кечак ишлаб чиқарувчиси Google компаниясининг инновацион ишланмалар бўлими (Advanced Technology and Projects, ATAP) билан ҳамкорликда Commuter Trucker Jacket ақлли курткаларининг сотувлари бошлангани ҳақида эълон қилди. 

Google компаниясининг расмий блогида хабар берилишича, куртканинг енг қисми Jacquard ақлли матоларидан тайёрланган махсус датчиклар билан жиҳозланган. Бундай мато тач-сенсордек ишлайди ва кийимга ўрнатилган Bluetooth-модуль орқали сигнални фойдаланувчидан смартфонга узатади.

Куртка турли иловалар, масалан, навигатор ёки мусиқий плеерни бошқариш имконини беради. Муайян буйруқ бериш учун фойдаланувчи кийимдаги маълум бир жойни босиши ёки унга икки марта тегиб қўйишининг ўзи етарли. 

Бундан ташқари, смарт-куртка кирувчи қўнғироқлар ва хабарлардан воқиф қилиб туради. Бугунги кунда Commuter Trucker Jacket курткалари Android ва iOS бошқаруви остидаги қурилмалар билан боғлана олади. 

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, курткани ювиш мумкин, бироқ аввал ундан Bluetooth-модулни олиш керак бўлади.

Commuter Trucker Jacket сотувлари 27 сентябрда бошланади, унинг нархи 350 долларни ташкил қилади. Куртка сотувлари дастлаб АҚШ бозорида йўлга қўйилади. Бошқа мамлакатларда сотувлар йўлга қўйиладими ёки йўқ - Google бунга ойдинлик киритмади.