KUN.UZ сайти қисқа вақт ичида мамлакатнинг етакчи сайтларидан бирига айланди ва демократлаштириш ва эркинлаштиришнинг долзарб масалаларини кўтариб келмоқда. Сайт маъмурлари журналистик ишнинг турли замонавий услубларидан фойдаланишга уринишаётгани ҳам мақтовга сазовор. Улардан бири социологик сўров асосида тайёрланган материал бўлди.

Омма эътиборига ҳавола этилган сўров якунларини ўрганиб, журналистларга (нафақат KUN.UZ журналистларига) социологик натижаларни қандай қилиб профессионал даражада тўғри изоҳлаш борасида бир қатор аниқлаштирувчи тавсиялар беришга қарор қилдим.

Биринчидан, ижтимоий фикрнинг зондаж кесими ва чуқур ижтимоий сўровнома ўртасидаги фарқни англаб олиш лозим. Кўриб чиқилган материал битта саволдан иборат ва унга 4959 киши жавоб берган. Олинган маълумотлар вазият ҳақида фақат сигнал беради, лекин у характерлай олмайди, боз устига, давлатнинг Виртуал қабулхона воситасида жамият билан қайта алоқа ўрнатишидек мураккаб механизмни тушунтира олмайди.

Иккинчидан, сифатли социологик тадқиқотнинг асоси ДАСТУРдир. Кўриниб турибдики, материалда келтирилган маълумотларда у умуман кўзга ташланмаяпти. Пировард натижада, Виртуал қабулхона ишини баҳолаш критерийлари жуда бўяштириб юборилган. Хусусан, «Бошида яхши эди, ҳозир шунчаки расмиятчилик учун бўлиб қолган» ёки «Йўқ, кўнглим тўлмаяпти» деган жавобларни қандай тушуниш мумкин»? Бу жавобларни танлаган инсон мурожаат қилган-қилмаганлиги тушунарсиз. У бундай хулосага «ўз амалиёти» асосида келганми ёки «кимнингдир сўзларини эшитган» ва «қаердадир ўқиган»ми?

Бу ерда услубий нуқсонлар яққол кўзга ташланмоқда. Шу сабабли савол критерийлари сўровномада қўйилган саволга мос келмайди, ҳар бир овоз берувчи ҳар бир вариантни танлаши мумкин, улар ўзаро бир бирини инкор ҳам этмайди. Интернет сўровлардан бекорга аҳён-аҳёнда жамоатчилик онгида давлатда фаолият кўрсатаётган у ёки бу самарали механизмлар ҳақида маълум бир стереотиплар шакллантирувчи «юмшоқ кучлар» мақсадида фойдаланилмайди.

Учинчидан, ўзингиз ўйланг, олинган аниқ маълумотларга кўра, Виртуал қабулхоналарга бўлган мурожаатларнинг фақат учдан бир қисми (36 фоизи) Интернет тармоғи орқали келиб тушган. Бу ҳолатда эса одамлар саволга «Телеграм» мессенжери орқали жавоб беришган, яъни ахборот компьютер технологияларидан фаол фойдаланувчиларгина сўровда қатнашган. Ўз-ўзидан, қоғоз орқали ёки телефон воситасида ҳақиқатдан ҳам мурожаат қилган кўп сонли аҳоли вакиллари танлов умумлашмасидан тушириб қолдирилган, бу эса энг камида репрезентативликнинг яққол бузилишини англатади.

Тўртинчидан, ҳар қандай социологик тадқиқотда ўзига хос ахлоқ қоидалари мавжуд. Ҳар қандай олинган маълумотлар эълон қилинишидан олдин ё эксперт билан, ё тадқиқот ўтказилган соҳа вакили билан муҳокама этилиши керак. Бу ўз фикрингизни янада аниқроқ ифодалаш учун хизмат қилади.

Бешинчидан, битта савол қўйиб ўтказилган сўровнома натижаларини материал сўнгида инсонларнинг шахсий фикрлари билан боғлашга ҳаракат қилинган, бу ҳам социологиянинг методологик талабларига мос келмайди.

Сўзим охирида социологик сўровномалар натижаларидан фойдаланиш ғоясининг ўзи жуда жозибали эканлигини алоҳида қайд этмоқчиман. Ушбу хулосалар сўз эркинлигини чеклаш мақсадида баён этилаётгани йўқ, гап фақат профессионал кўникмаларни кенгайтириш ишида ўз ваколатини муттасил такомиллаштириб бориш муҳим эканлигида.

Фарҳод Парманов,

социолог