2017 йилги Франкфурт автосалонида электромобилларнинг журъатсизгина пўртанаси яксон қилувчи цунамига айланиб кетди, деб ёзади Forbes.

Энг сўнгги урфдаги трендларга риоя қилган ҳолда авто ишлаб чиқарувчилар бензинли таркибий қисмдан турли даражада воз кечилган кўплаб автомобилларни тақдим этишдики, азалий харидорларга мўлжалланган бир неча ажойиб премьералар уларнинг шовқини орасида сезилмай ҳам қолди.

Сиёсат ҳақида ҳам унутмаслик керак: Ангела Меркель тўртинчи муддатига сайланди, унинг сайловолди дастурида чўзилиб кетган «дизельгейт» туфайли катта маблағлари ва нуфузини йўқотган авто ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги банд ҳам бор эди. Миш-мишларга кўра, энди канцлер дизелли двигателлардан воз кечмоқчи, унинг ўрнига гибридлар ва электрокарларга кенг йўл очилади. Хусусан, Германиянинг бош концерни Volkswagen 2030 йилга бориб концерн томонидан ишлаб чиқарилган ҳар бир моделнинг электр нусхасини тақдим этмоқчи, уларнинг сони эса 300дан ошиқ. Бу йўлда 20 млрд. евро сарфланади, бу VW «дизельгейт»да йўқотганидан бироқ кўпроқ сумма.

Парижда кузатилган, Франкфуртда давом этган яна бир тенденция — автосалонда тан олинган ва етакчи брендларнинг иштирок этишдан бош тортиши бўлди: павильонларда Nissan, Alfa Romeo, Rolls-Royce, Peugeot, Fiat, Infiniti, Jeep, Mitsubishi, Aston Martin, Volvo, Tesla, Chevrolet етишмади. Кимдир бир йил муқаддам бор нарсасини Женевада намойиш қилиб бўлган, бошқаси Токиодаги октябрь шоусига тайёрланмоқда, Volvo ёки Rolls-Royce сингари яна кимдирлар аллақачон иқтисод юзасидан бундай кенг қамровли эмас, торроқ доирадаги тадбирларга диққатини жамлашини эълон қилган. Афтидан, бир неча брендлар маҳаллий концернлар билан баҳслашмасликка қарор қилган кўринади, ахир немис гигантларининг борар ери йўқ — ўз уйида энг яхши ўйинчиларнинг энг яхши томонларини намойиш этиб беришлари шарт.

BMW

10 минг кв.м юзага эга алоҳида павильонни эгаллаган BMW дарҳол ташрифчиларни ҳайратлантиришга киришиб кетди. Павильоннинг турли зоналарга бўлинган марказида Бавария гиганти трек ўрнатиб, ўнлаб янги машиналарни ҳаракатга келтириб турди. Уларнинг айримлари ҳайдовчисиз, ўзлари юриб турди! BMW кўргазмаси «Келажак аллақачон шу ерда» шиори остида ўтди ва Франкфуртнинг Messe’си томи остида тўпланганларга кўплаб инновациялар ва электрокарлар ҳақида тушунтириш бериб туришдан чарчамади.

BMW X7 iPerfomanceBMW X7 iPerfomanceDR

Анчайин ноанъанавий ва жозибадор кўринишли BMW X7 байроқдор кроссовери Бавария шоусининг юлдузига айланди. Автомобилнинг олтита алоҳида ўриндиғи бўлиб, уларнинг ҳар бири йўловчига мослаштирилади. Йўловчиларнинг ҳар бири планшет воситасида алоқа қилишади (афтидан, BMW’дагилар келажакда инсонлар тўғридан-тўғри мулоқот қилишни бас қилишади, деб ҳисоблашмоқда). X7 салони минималистик руҳда ясалган, бироқ безаш юқори даражада: ёғоч, металл ва чарм. Капоти остида гибрид қурилманинг ўрнини босувчи водородли агрегат жойлашган.

Бу пайтда BMW’даги олий даражали амалдорлар компания харажатлари йилига 2 млрд. долларга қисқартилишини эълон қилишди ва иқтисод қилинган маблағлар электромобиллар ишлаб чиқарилишига сарфланишини айтиб ўтишди — яқин 8 йил ичида ана шундай моделлардан камида 12таси яратилади. Ҳозирча Франкфуртда i3s — гибриднинг «юқтирилган» версиясигина намойиш этилди.

BMW AG директорлар кенгаши раиси Ҳаралд Крюгер ва BMW i Vision Dynamics

Қолган янгиликлар бироз аъанавий. Учинчи авлоддаги X3 кроссовери — бензин ва дизелли двигателларда, BMW 6 GT — қувватли ва икки карра турболаштирилган. Тўлиқ узатмали M5 янада кучлироқ қилинган: унинг қуввати 600 от кучига тенг. Яқин келажакда серияли тарзда ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган Z4 ва Series 8 концептлари ҳам диққатга сазовор.

Mercedes

Кўп қаватли автотураргоҳ шаклида лойиҳалаштирилган Mercedes павильони янада эсда қоларли ва ҳашаматли кўринишга эга бўлди. Унинг ҳудудида адашиб қолиш ҳеч гап эмас: мухлисларга юзга яқин автомобиллар тақдим этилди. Унинг жалб этиш марказида замонавий ҳаётнинг энг қимматбаҳо серияли автомобили унвонига даъвогар Mercedes AMG Project One гиперкари бўлди. 2,75 млн. деб баҳоланаётган нархига қарамасдан келажакда ишлаб чиқарилувчи барча 275 дона Project One салонгача ёки салон вақтида сотиб бўлинган. У шунча пулга арзийди ҳам-да: «Формула-1» технологиялари асосида яратилган гиперкарнинг қуввати 1000 от кучидан юқори, уни бир йўла тўртта мотор етказиб беради: турбопуфламали бензинли мотор тўртта электродвигатель билан тўлдирилган.

Daimler AG раҳбари Дитер Цетше Mercedes-AMG Project ONEни тақдим этмоқда

Суперкар фонида Штутгартдан келтирилган, муҳимликда ундан қолишмайдиган янгиликлар: 100 кмга 2 литрдан кам ёқилғи сарфлайдиган S-Class флагманининг гибридли модификацияси ва ҳашаматли яхта кўринишида ясалган 6 метрли Mercedes-Maybach Vision 6 Cabrio концепти билинмай кетди.

Audi

«Катта учлик»нинг яна бир вакили янгиликларда зиқналик қилиб ўтирмади, айниқса электрокарлар борасида. Хусусан, A8 флагманининг тўртинчи авлоди тўлақонли автопилотга эга бўлди, у қўлнинг рулда бўлишини ҳам талаб этмайди, шунчаки ҳайдовчи ухлаб қолмаганлигини назорат қилиб туради, холос. Audi Aicon концепт-кари сингари келажак автомобили айнан у ёки бу пиктограммага нигоҳ ташланиши воситасида бошқарилади. Aicon’да ҳаттоки рул йўқ, педаллар ва хавфсизлик камари ҳам мавжуд эмас: дизайнерларнинг ўйига кўра, автомоном бошқарилувчи машиналар автоҳалокатга дучор бўлишмайди. Қизиғи шундаки, 800 вольтли автомобиль симсиз қувватланади, ўзи қувватлаш станциясини ахтариб топади ва унга уланади.

Audi Aicon / Forbes

Замонавий трендлар учун ўрта классдаги экологик автомобиллар — A4 Avant g-tron ва A5 Sportback g-tron жавоб беради. Булар ҳали Audi’нинг кенг қамровли экодастурининг қалдирғочлари ҳисобланади: 2022 йилга келиб русум ўз харажатларини 10 миллиард еврога қисқартириб, ортган пулларни электромобилларни ривожлантиришга сарфламоқчи.

Volkswagen

Автосалон вақтида Volkswagen раҳбари Матиас Мюллер янги электромобилларга сарфланадиган 20 млрд. евродан ташқари, концерн литий аккумуляторларини оммавий ишлаб чиқаришга ақл бовар қилмайдиган 50 млрд. еврони тикишни мўлжаллаётганини эълон қилди. Концерн раҳбарларининг барчаси ҳам келажакда ёппасига электрлашишга ишонқирамай турганида, бундай баёнот бериш жасоратнинг ўзгинаси.

Volkswagen I.D. CROZZ / Forbes

Урфнинг вақти ҳали битмаган экан, трендда бўлиб туриш лозим. Франкфуртда VW электрли кроссовер I.D. CROZZ’нинг 3 йилдан сўнг серияли ишлаб чиқарилиши ваъда қилинган янгиланган модели намойиш этилди. CROZZ келажакда I.D электрлаштирилган оиласининг байроқдорига айланади ва ҳетчбэк ва минивен кўринишлари ҳам ишлаб чиқарилади.

I.D.ни кута туриб, ёрқин янгилик — Golf базасида яратилган, Polo-SUV ва Tiguan ўртасидаги бўшлиқни тўлдириши мақсад қилинган T-Roc’дан ҳам баҳра олиш мумкин.

Porsche

Porsche Cayenne Turbo 2019 / Forbes

Немисларнинг яна бир компанияси одатига кўра лўнда қарорга келган: Porsche ўзининг байроқдор йўлтанламаси Porsche Cayenne’ни янгилаш билан чекланган, у олдинги нусхаларига нисбатан тезроқ ва қувватлироқ қилинди. Mission E концепти базасида яратилган компаниянинг илк электрокарини эса яна 2 йил кутишга тўғри келади: Tesla’нинг рақобатчисини яратиш учун 1 млрд. доллар сармоя киритилган ва у 2019 йилда серияли ишлаб чиқарилади.

Bentley

Янги Bentley Continental GT / Forbes

Анъаналарга содиқ марка ниҳоят олдинга катта қадам ташлашга қарор қилибди. Continental GT купесининг ташқи кўриниши тубдан ўзгартирилган: автомобилнинг кўриниши замонавий дизайн тенденцияларига жавоб бера олади ва Bentley’дагиларнинг умид қилишича, ёшроқ харидорларни жалб этади. Қувонарлиси, 48 вольтли электр тизими фақат стабилизаторлар учун жавоб беради, Continental GT’ни олти цилиндрли, икки турбинали, қуввати 635 от кучига тенг мотор юргизади.

Skoda

Skoda KAROQ / Forbes

I.D. CROZZ кроссоверини янгилаган VW ортидан Skoda ҳам уёқ-буёғи пардозланган Vision E’ни намойиш этди ва у 2020 йилда серияли ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Чехларнинг бошқа бир долзарб янгилиги ҳам кроссовер: компакт Karoq моделлар қаторида Kodiaq’дан пастроқда жойлашади ва Yeti йўлтанламаси ўрнини босиши режалаштирилган.

Karoq ташқи кўриниши билан Kodiaq’нинг кичрайтирилган версиясини эслатиб юборади, ҳаттоки ўз номини ҳам Кадиак оролида яшовчи алутиик халқи талаффузидаги «автомобиль» сўзидан олган.

Toyota

Япон маркаси Франкфуртга янги Land Cruiser Prado’сини олиб келди. Умуман олганда, олдинги авлоднинг пардоз таъмири амалга оширилган, ўзгаришлар умумбашарий бўлмаса-да, бор, кўп ва улар бирдек ёқимли. Машинанинг олдинги қисми сезиларли даражада ўзгарган: янги қанотлар ва ўртаси чуқур капот Prado’ни Land Cruiser 200’га яқинлаштирган. У янги ёруғлик диодли фаралар, радиатор панжараси, қайта ишланган олд ва орқа бамперлар, юкхона эшиги, орқа томон оптикасига эга. Prado кузови энди 60 мм узунроқ. Энг асосийси, унинг кузови ҳамон рамали, бу эса ҳозирги вақтда камёб ҳодиса.

Toyota Land Cruiser Prado / Forbes

Nissan ва Land Rover элтувчи кузовга ўтган бир пайтда, Toyota ўзига ҳам, мухлисларига ҳам хиёнат қилмаяпти. Доимий тўлиқ узатма ва дифференциалларнинг мажбурий блокировкаси ҳам жойида. Боз устига, энди Multi-Terrain Select (MTS) тизимида автоматик режим пайдо бўлди, электрон созламаларга эса Sport S ва Sport S+ каби иккита режим қўшилди. Куч агрегатлари олдингидек қолди: 2,8 литрли бензинли двигател (177 от кучи) дан ташқари, йўлтанламас машина бошқа бир 2,7 литрли бензинли двигател (163 от кучи) ва 4,0 литрли — фарқи энди 289 от кучи ўрнига солиқлардан иқтисод қилиш мақсадида мотор 249 от кучигача тезлаштирилади. Prado ичи ҳам борган сари Land Cruiser 200’га ўхшаб бормоқда: иситилувчи янги рул, янгиланган асбоблар панели ва мультимедиа (8 дюймли сенсорли экранга эга Toyota Touch 2), пастлатувчи узатма учун алоҳида шайба.

Jaguar Land Rover

Британияликлар Франкфуртга олтита янги машина келтиришди, уларнинг бештаси Jaguar брендига тааллуқли. Jaguar E-PACE’га аллақачон дастлабки буюртмалар қабул қилинмоқда, тўлиқ узатмали янгилик спортча F-TYPE’га ўхшаб кетади.

Новый Jaguar I-PACE / Forbes

I-Pace кроссоверининг пойга версияси ҳам диққатга сазовор, у келгуси йилдан тобора оммалашиб бораётган «Формула Е»да қатнашади. Автомобиль айнан электр кучланиш билан ҳаракатга келади ва қувватланишсиз 500 км йўл боса олади. Jaguar I-PACE’нинг eTROPHY пойгасида 20та болид иштирок этади. Land Rover эса Discovery SVX’нинг энг мураккаб йўлсиз ҳудудлар учун мўлжалланган экстремал версияси билан хушнуд қилди.

Lexus

Lexus NX 2018 / Forbes

Lexus Франкфуртга Европага оид иккита преьмерасини келтирди: компакт кроссовер NX ва қайта ишланган CT. NX’га енгилгина файз берилган — тўлақонли янги авлод 3-4 йилдан кейин пайдо бўлади.

Lexus стенди ташрифчилар учун ноодатий тақдимоти билан кўпроқ ёдда қолди. Стенд бўйлаб виртуал воқеалик кўзойнакларини тақиб сайр қилиш мумкин бўлди.

Renault

Renault Symbioz / Forbes

Ниҳоят кенг оммага илк бор намойиш этилган янги Duster кўпчиликда таассурот уйғотган бўлса-да, Forbes Life’га келажак автомобили концепцияси — Symbioz лойиҳаси кўпроқ манзур бўлди. Symbioz ҳаттоки концепт-кар ҳам эмас, у шунчаки экотизим вариантларидан бири бўлиб, унда уй ва автоном автомобиль жуда уйғунлаштирилган. Renault’дагиларнинг ўйига кўра, 2030 йилга келиб автомобиллар тўлиқ автономлашади ва «ақлли» уйлар билан алоқага киришади, маиший электр тармоғидан қувват олади ёки уни қувватлайди. Электрокарнинг меҳмонхонада ёки томда жойлаштириш учун тўхташ жойи ҳам назарда тутилган.

KIA

Kia Proceed / Forbes

KIA стендидаги ёрқин қирмизи нуқта — бу Proceed деб номланган, манаман деб кўзга ташланиб турадиган ва жонли концепт эди. Концептнинг карбонли кузови феноменал Lava Red рангига — 19 қават қора тусли бўёқ, хром эффектли кумуш тусли бўёқ ва қизил тусли тон берувчи лак билан бўялган. Автомобил образини 20 дюймли ғилдирак дисклари, қисқа олд осилма, кенг ғилдирак аркалари тўлдириб турибди.

Корея бренди Франкфуртда KIA Sorento Prime байроқдор кроссоверининг янгиланган кўринишини ҳам тақдим этди..

Hyundai

Hyundai i30 N / Forbes

Кореянинг яна бир компанияси — кутилмаганда автосалонда ўзларини ўз уйидагидек ҳис қила бошлашди: айтишларича, компаниянинг дизайн студияси ва спорт бўлинмаси Германияда жойлашган экан. Шу сабабли Европадаги осиёликларнинг мавсум янгилиги i30 N спортча ҳетчи бўлди, у ташқи томонидан ҳам, кучли характеристикалари билан ҳам купега ўхшайди. 275 от кучи серияли ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган компакт ҳетчбек учун салобатли рақам ҳисобланади. Hyundai шунингдек, унинг оғайниси, хушбичим беш эшикли i30 Fastback купесини ҳам тақдим этди.