САВОЛ: Меҳнат таътилидаги ходим муайян вақтга касаллиги туфайли таътил даврида касаллик варақаси очдирди, ойлик иш ҳақи қандай ҳисобланади?

Абдузуҳур Усканов

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 145-моддасида  таътилни узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш берилган бўлиб, мазкур моддага кўра ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадир.

Бунда таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланиши ҳамда бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилиши ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилиши мумкин.

Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.

Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.

Саволга ҳуқуқшунос Фозилжон ХАТАМҚУЛОВ жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.