Украина президенти Пётр Порошенко таълим ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Порошенконинг матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу ҳужжат аввал ўқитиш тили ҳақидаги меъёр сабабли баҳслар келтириб чиқарган. Олий рада қонун лойиҳасини 5 сентябрда маъқуллаганди. 

"Ушбу қонуннинг қабул қилиниши таълим сифати ва ёш авлоднинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширувчи ҳар томонлама таълим ислоҳотини ўтказишга имкон беради", деб айтилган хабарда.

Порошенко қонун украин тилининг таълим жараёнидаги аҳамиятини оширишини айтди. Унинг таъкидлашича, қонун барча учун тенг имкониятларни таъминлайди, чунки ҳар бир битирувчига Украинада муваффақиятли карьерага зарур бўлган тилни юқори даражада билишни кафолатлайди.

Янги қонунга кўра, 2018 йил сентябридан Украинадаги миллий озчилик вакиллари фарзандлари болалар боғчларида ва бошланғич синфларда фанларни она тиллари билан бир қаторда украин тилида ҳам ўрганадилар. 5-синфдан болалар фақатгина украин тилида таълим оладилар, миллий озчилик тиллари эса алоҳида фан сифатида ўқитилади. Шу билан бирга бир ёки бир нечта фанларнинг Европа Иттифоқи давлатлари тилларида ўқитилишига йўл қўйилади. 2020 йил сентябридан эса таълим бериш тўлиқ украин тилига ўтказилади. 

Венгрия ва Руминия ҳукуматларида бу қарор Украинадаги миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини бузишини айтишган. Москвада эса бу қонун Украина конституцияси ва Киевнинг халқаро мажбуриятларига зид келиши таъкидлаб ўтилган.