АҚШ президенти Дональд Трампнинг яқин сафдошлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида шахсий электрон манзилларидан фойдаланган, деб ёзмоқда The New York Times нашри. 

Газета манбаларига кўра, Трамп ёнидаги собиқ ва амалдаги мулозимлардан камида 6 нафари айни амалиётни қўллаган. Улар орасида Трампнинг қизи Иванка ва маслаҳатчи куёви Жаред Кушнер ҳам бор. Бундан ташқари, нашрнинг ёзишича, Оқ уй аппаратининг собиқ раҳбари Райнс Прибас, маъмуриятнинг собиқ бош стратеги Стивен Бэннон, Трампнинг асосий маслаҳатчиларидан бири Стивен Миллер ва Миллий иқтисодий кенгаш директори Гэри Кон шулар жумласидан. 

Газетага кўра, Кушнер Трамп инаугурациясидан сўнг 7 ой мобайнида шахсий электрон почтаси ёрдамида иш билан боғлиқ 100 дан ортиқ электрон мактуб юборган ва қабул қилган. Прибас ва Бэннон вақти-вақти билан шахсий почталаридан хизмат мақсадларида фойдаланишган. Миллер ва Кон бунга бир неча марта йўл қўйган. Иванка Трамп расман маъмурият ходими бўлгунича ва ундан кейин ҳам шахсий элктрон почта манзилидан хизмат мақсадларида фойдаланиб келган. 

Мақолада таъкидланишича, расмий шахслар, шу жумладан Оқ уй маъмурияти ходимларига, назорат органларининг кузатувини таъминлаш мақсадида иш почта қутиларидан фойдаланишлари белгиланган. Шахсий почта манзилини қўллаш учун ундаги матнлардан хизмат қутисига нусха кўчирилсагина изн берилади. Газета буни юқоридааги кишилардан бирортаси бажарганми, йўқми ойдинлик киритмаган. 

Маълумки, Трамп сайловолди кампанияси чоғида собиқ давлат котиби, президентликка номзод Ҳиллари Клинтоннинг давлат котиби бўлган вақтда шахсий электрон почтасидан хизмат мақсадларида фойдаланганини жиддий танқид қилган эди.