Бугун, 26 сентябрь куни Самарқанд шаҳрининг қоқ марказидаги энг сўлим гўшаларидан бири — Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи ҳудудида янгидан барпо этилган «Нуронийлар маскани» — Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қуввватлаш «Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлимининг биноси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев ушбу маскан шахсан президентимиз томонидан тасдиқланган лойиҳа асосида қисқа муддат — 3 ой ичида қуриб битказилгани, ушбу масканда шаҳарлик нуронийлар учрашиб, фикр алмашиб, ҳоридиқ чиқаришлари, бир пиёла чой устида суҳбат қуришлари учун барча шароитлар муҳайё қилинганини айтиб ўтди.

«Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов ўз сўзида Самарқанд шаҳарида 40 минг нафар нуронийлар ва фахрийлар умргузаронлик қилаётганини айтиб, улар учун шундай замонавий ва қулай маскан яратилгани давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз, қолаверса, вилоят раҳбарияти томонидан аҳолининг кекса авлодига эҳтиром ўлароқ баҳоланишини таъкидлаб ўтди.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси, жамоат фаоли Дилбар Имомова ҳам сўзга чиқиб, йиғилганлар номидан ташаккур билдирди.

Бино очилиши учун тутилган лентани Ҳ.Нормуродов ва жамғарманинг шаҳар бўлими раиси А.Муҳиддинов кесишди. Тадбирга йиғилган нуронийлар ичкарига таклиф этилди. Бинода шифохона, фитобар, кутубхона, шахмат-шашка тўгараги ва мўъжаз чойхона қарияларимизнинг хизматига мунтазир.

Тадбир сўнгида очилиш маросимида қатнашганлар бир пиёла чойга таклиф қилинди. Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Мардон Мавлонов бошлиқ созандалар мумтоз куй-қўшиқларни ижро этиб беришди.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ мухбири