Биз канадалик режиссёр Жеймс Кэмерон ҳақида янгиликларни билишга қизиқамиз. Бу инсон нафақат ўз вақтида қизғин севилган "Бегоналар", "Тубсизлик", "Терминатор",  "Титаник" ва "Аватар" фильмларини суратга олган, балки ўз ихтироларини жорий қилган ҳолда киносаноатни фаол тараққий эттирмоқда. Аввалроқ режиссёр ўзининг "Аватар" фантастик фильмининг бирваракайига 4 та давоми устида ишлаётгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, ушбу суратлардан биринчиси суратга олиниши бошланган.

Кэмерон кинематографдаги энг муваффақиятли режиссёрлардан ҳисобланади. Унинг 8 та машҳур фильми дунё прокатида 5,5 млрд доллар тўплаган. 2009 йилда суратга олинган "Аватар" эса 2,7 млрд доллар келтириб, тарихдаги энг сердаромад фильмга айланган. "Титаник" фильми эса халқ олқишини қозониб, 11 та "Оскар" мукофотини олган. Бироқ Кэмеронни миллиард долларлар ва ҳайкалчалар қизиқтирмайди.

Режиссёр бўш вақтида турли экологик ва тадқиқот лойиҳаларида иштирок этади. У дунёдаги энг чуқур ботиқ – Мариана ботиғига тушишга ботина олган бир нечагина кишидан бири ҳисобланади. Бир ўйлаб кўринг-а, ботиқнинг чуқурлиги 10898 метрни ташкил қилади. Бунинг учун режиссёр бир неча йил давомида олимлар билан бирга шахсий батискафини яратиб, уни йиғган. Бу лойиҳа давомида суратга олинган материаллар "Тубсизликка чақириқ 3D" ҳужжатли фильми асосини ташкил қилган. Режиссёр ўзининг 56 ёшини эса Байкал кўли тубида "Мир-1" батискафи ичида нишонлаган. 

Бундан ташқари, режиссёр кинотехнологияни фаол ривожлантиради ва замонавий киносаноатни келажак сари интилтиришга ҳаракат қилади. У шахсан ўзи IMAX форматидаги стереоскопик камерани ишлаб чиқиб, уни йиғган.

Юқорида айтилгандек, "Аватар"нинг 4 та давоми суратга олинади. Режиссёр уларни деярли бир вақтда суратга олади, бироқ улар 1-3 йиллик оралиқ билан экранларга чиқарилади. Фильмларда Сэм Уортингтон, Зои Салдана, Жоэль Мур, Сигурни Уивер ва бошқа актёрлар ижро этган қаҳрамонларни яна кўра оламиз. Уларга актёрлар Клифф Кёртис ва афсонавий Чарли Чаплиннинг набираси Уна Чаплинлар қўшилишади. Қизиғи, актёр Стивен Лэнг биринчи фильм сўнгида ҳалок бўлган бош қаҳрамон ролини яна ижро этади. У қандай қилиб яна ҳаётга қайтарилиши ҳозирча жумбоқ бўлиб қолмоқда.

"Аватар 2" 2020 йил 18 декабрда кинотеатрларда намойишга чиқиши режалаштирилган. "Аватар 3" эса 2021 йил 17 декабрида, "Аватар 4" эса 2024 йил 20 декабрида ва воқеани якунловчи "Аватар 5" 2025 йил 19 декабрда экранлар юзини кўриши мўлжалланган.