KUN.UZ сайти орқали фарғоналик Наргиза Убайдуллаева 6 йилдан бери фалаж ҳолда қолаётгани, унинг онаси Ҳабибахон онанинг бугунги кундаги аҳволи ҳақида маълум қилинган эди. Яхши ният билан Ҳабибахон она қўлида қолган Наргизанинг фарзандлари учун хайрия акциясини ташкил этган эдик

Ўтган давр мобайнида юртдошларимиз мазкур акцияга бефарқ бўлишмади. Имкони борича хайрияда иштирок этишди. Кимдир руҳий, кимдир моддий томондан ёрдам берди. KUN.UZ таҳририяти ходимлари Фарғонага сафар чоғида хайрия маблағларини Ҳабибахон она қўлига топширди. 

“Сизлар келиб кетганингиздан кейин банкка бориб ҳисоб рақам очдик. Худога шукр, сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан юртимиздаги саховатли, бировга ёрдам қўлини чўзадиган яхши одамларни кўрдик. Уларга катта раҳмат, соғ бўлишсин. Сизлар келиб кетганингиздан сўнг Наргизани кўргани Тошкентдан профессор келди. У қизимнинг ҳозирги ҳолати бўйича айтган гапларидан хурсанд бўлдик, томография қилиб менга юборинглар, деди. Сўнг жавобини жўнатсак, натижа яхши, деб айтди. Ҳозирда уйғониш арафасида, деди. Фақат қизимга травматолог-массажчи керак экан. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бу борада ёрдам беришни ваъда қилди. Бундан ташқари, томоғидаги қурилма 2011 йилдан бери алмаштирилмаган эди, уни ҳам қиламиз, дейишди. Лекин ҳозирча бўлгани йўқ, кутиб турибмиз. 

Аҳвол ҳамон ўша-ўша: эрталаб соат 4.00да туриб, зонддан ўтадиган овқатни тайёрлайман. Сўнг 6.00-6.30ларда бу ерга келаман, кийим-кечакларини юваман. Болаларининг бирини боғчага, иккинчисини мактабга олиб бораман. Аллоҳга шукр, каттаси мактабда аъло баҳоларга ўқимоқда. Энди Худодан сўраб, яхши ўзгаришни кутаяпман. 

Барча ёрдам берган одамларни Аллоҳ қўлласин. Худодан қайтсин. 6 йилдан бери бир одам ҳам мени эшитгани йўқ эди. Бир чамадон хат турибди, ёзаман, битта гап келаверади. Жиноят иши қўзғатилган врачларга моддий-маънавий томондан зарарни қоплаб бериш мажбурияти юклатилганди. Сизлар келиб кетганингиздан кейин вилоят қабулхонасидагилар ўша маблағнинг маълум бир қисмини тўлаттирди. Пластик картага тушган пулларнинг бир тийинини ҳам ишлатаётганим йўқ. Ниятим – Наргизани даволатиш учун чет элга олиб чиқиш”, - дейди Ҳабибахон она.

Она кун-у тун Аллоҳдан шифо сўрамоқда. Биз ҳам барча юртдошларимиз қатори Наргиза Убайдуллаева учун дуодамиз. Яхшилик ҳеч кимни тарк этмасин. Хайрияда иштирок этган барча юртдошларимизга мингдан-минг раҳмат!