Таниқли жамоат арбоби Аҳмаджон Одилов бугун 92 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақдаги хабар Kun.uz нинг бир неча манбаси томонидан маълум қилинди.

Аҳмаджон Одилов 1925 йилнинг 1 майида Наманган вилояти Поп туманининг Ғурумсарой қўрғонида дунёга келган. 1960-70-йилларда Поп туманидаги Ленин номли колхоз раиси бўлган. 1970-йиллар охирида Поп тумани агросаноат комплексига раҳбарлик қилган. 1980-йиллар ўртасида СССР прокуратураси терговчилари Гдлян ва Иванов томонидан «Пахта иши» бўйича айбланиб қамалган ва Бутирка қамоқхонасида ўтирган.

Ўзбекистон мустақилликка эришишганидан сўнг — 1991 йилнинг декабрида қамоқдан озод этилган. 1993 йилнинг 26 июнида Қўқон шаҳар суди уни 5 тонна минерал ўғитлар ўғирлаганликда айблаб, 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Кейинчалик совет даврида қилган иқтисодий жиноятлари учун яна 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Умумий ҳисобда у яна 16 йил қамоқда ўтириб, 2008 йилнинг 5 июнида 83 ёшида озодликка чиққан эди.

Аҳмаджон Одилов Шароф Рашидов билан

У собиқ иттифоқ даврида социалистик меҳнат қаҳрамони, уч карра Ленин ордени, октябрь революцияси ордени билан тақдирланган.