27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия Федератив Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гюнтер Оверфелдни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Элчи вазирга ишонч ёрлиқларининг нусхаларини тақдим этган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» шаклидаги алоқалар ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги муносабатлар ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Учрашувда Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг ноябрь ойида Германияга ташрифи муддати ва дастури, турли даражалардаги бўлажак бошқа икки томонлама алоқалар жадвали юзасидан фикр алмашилди. 

Гюнтер Оверфелд шу ойда Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаган Найтхарт Хёфер-Виссинг ўрнида иш бошлади.