Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги «Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни Президент расмий сайтида эълон қилинди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 4916та мактабгача таълим муассасаси, 9680та умумий ўрта таълим мактаби, 211та «Баркамол авлод» маркази мавжуд бўлиб, уларда жами 400 минг нафардан ортиқ педагог ходим фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида педагог кадрларни тайёрлаш бўйича 5та давлат педагогика институти, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича 14та ҳудудий институт фаолият кўрсатмоқда.

Амалдаги тартибга асосан халқ таълими муассасалари педагоглари камида 5 йилда бир маротаба ўз малакаларини оширадилар, бироқ халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий институтларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг илмий салоҳияти, дарс бериш сифати бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти, ходимлар илмий изланишлар билан шуғулланмайди, уларнинг фаолиятини ташқи баҳолаш тизими самарали йўлга қўйилмаган, дейилади қарорда.

Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими самарадорлигини янада такомиллаштириш, уларнинг касбий компетентлигини доимий ривожлантириш мақсадида:

- Нукус давлат педагогика институти;

- Навоий давлат педагогика институти;

- Жиззах давлат педагогика институти;

- Қўқон давлат педагогика институти;

- Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти —

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфига берилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларини тегишли ҳудуддаги олий таълим муассасалари тасарруфига бериш ҳамда улар негизида Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари ташкил этилади;

Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти ва Республика илмий-педагогика кутубхонаси Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфига берилади.