Бразилиялик таниқли футболчи, 1994 йилги жаҳон чемпиони Ромарио Podemos партиясидан Рио-де- Жанейро штати губернаторлиги учун ўз номзодини қўймоқчи. Айни дамда Бразилия парламенти юқори палатасида сенатор бўлиб турган собиқ спортчи бу ҳақда сешанба куни SporTV маҳаллий телеканали эфирида маълум қилган.

"Келаси йили Рио-де-Жанейро губернаторлиги учун сайловлар бўлиб ўтади, ҳамда мен унга номзод бўламан. Биз партиядошлар орасида учрашувлар ўтказамиз. Ҳозирнинг ўзидаёқ номзодим илгари сурилишига ҳаракат қилишимни айтишим мумкин", - деди у.

2016 йилнинг июнида Ромарио Рио-де-Жанейро шаҳри ҳокими лавозимига учун ўз номзодини қўймоқчи экани ҳақида маълум қилганди, бироқ кейин у бу ғоядан воз кечди. Бразилия ОАВ маълумотларига кўра, собиқ спортчининг қарори ижтимоий сўровлар натижалари билан боғлиқ бўлган. Бу тадқиқотлар Ромарионинг номзоди шаҳар аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланмаслигини кўрсатиб берди.

Собиқ футболчи 2015 йилнинг январидан бошлаб Бразилия парламентининг юқори палатасида Рио-де-Жанейро штатидан сенатор лавозимини эгаллаб келади.

Эслатиб ўтамиз, Ромарио футболчилик фаолиятини 2009 йилда якунлади. У Бразилия термаси таркибида 1994 йилда жаҳон чемпионига айланган. Европада эса "Барселона", "Валенсия" ва ПСВ клублари учун тўп сурган.