Фарғона вилояти Марғилон шахрида шу йилнинг 20 сентябрь куни, вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган «қорадори-2017» тадбири давомида Марғилон шаҳри, Ғалатой кўчасида яшовчи, А.М.нинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганида унинг томорқасида 1 туп «наша» гиёҳванд моддаси ўстирилгани аниқланди. Бу ҳақда  «Kun.uz»га Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

А.М. хонадонини кўздан кечириш давомида унинг ётоқхонаси ва омборхонаси томида қуритилган ҳолда, кўкимтир рангли, ЭКБ хулосаларига кўра, соф оғирлиги 3.974 (уч килограмм тўққиз юз етмиш тўрт грамм) «марихуана» моддаси сақлаб келингани аниқланган.

ИИБ ТБ томонидан 2017 йил 26 сентябрь куни А.М.га нисбатан Ўз.Р. ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми ва 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. ИИБ айни вақтда тергов олиб бормоқда.

Шунингдек, Фарғона вилояти Фурқат туманида 2017 йил 16 сентябрь куни, ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Фурқат тумани Тинчлик қишлоғида ҳаракатланиб келаётган, Ўзбекистон тумани Ислом қишлоғида яшовчи, О. М. бошқарувидаги Damas русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганда, салонида ҳажми 25 литрли 4 дона пластмаса идишларда, ҳажми 35 литрли 1 дона пластмаса идишда ва 1 дона пакетда ўткир ҳидли яшил рангли қуритилган ҳолда «наша» гиёҳванд моддасига ўхшаш моддалар борлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида мусодара қилинган. Автомашинадан олинган гиёҳванд моддалар, соф оғирлиги 4 кг 575 грамм «марихуана» гиёҳванд моддалари экани аниқланиб, унинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, хонадонида елим пакетга ўралган ўткир ҳидли қуритилган ҳолда бўлган, соф оғирлиги 299 грамм «марихуана» гиёҳванд моддасини сақлаб келаётгани аниқланган.

Фарғона вилояти ИИБ ТБ томонидан О.М.га нисбатан Ўз.Р. ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда О.Мга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.