Павел Дуров «ВКонтакте»даги саҳифасида Россия Федерал хавфсизлик хизмати Telegram’нинг Лондон офисига юборган ҳужжатларни эълон қилди. Улардан ФХХ компанияга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома тузганини англаш мумкин.

Биринчи ҳужжат – бу Федерал хавфсизлик хизматининг 31 августдаги билдиришномаси. Унда Telegram жамоаси «Ахборот, ахборот технологиялари ва ахборотни ҳимоя қилиш тўғрисида» ги қонунга мувофиқ ваколатли органларга «қабул қилинадиган, жўнатиладиган, етказиб бериладиган ва қайта ишланадиган хабарлар кодини очиш учун» маълумот бермагани айтилади.
 
28 июндан бошлаб Telegram ахборот тарқатиш ташкилотчиларининг рўйхатига киритилганлиги сабабли, ҳукумат мессенжер раҳбариятига бир нечта талабларни қўйиш ҳуқуқига эга. «Яровая қонуни» билан биргаликда пайдо бўлган нормалардан бири, хабарларни ўқиш учун махсус хизматларга калитларнинг берилиши эди.

Ҳукумат талабини бажармаган компания 800 мингдан 1 миллион рублга қадар маъмурий жаримага тортилади. Роскомнадзор жаримага сабаб бўлган бузилишни бартараф этиш кераклиги ҳақида қарор чиқариши мумкин. Қонун бўйича бунга камида 15 кун берилади. Компания қарорни бажармаса, Роскомнадзор сервисни тўсиб қўйиши мумкин.

ФХХ Дуровга баённомани шахсан олиш учун Москвага вакилини юборишни таклиф қилди. Баённома тузилган кун, 14 сентябрда Дуровнинг вакиллари ФХХ қабулхонасида пайдо бўлмади, шунинг учун ҳужжатнинг нусхаси Лондонга юборилди. Дуров томонидан эълон қилинган баённомага маҳкаманинг илмий-техник хизмати бошқармаси ташкилий-таҳлилий бўлими бошлиғи Д.А.Силантьев имзо чеккан.

Баённомада тушунтирилишича, 2017 йил 14 июлда ФХХ келгуси беш кун ичида маълумот тақдим этиш бўйича Telegram’га мурожаат йўллаган. Компания уни 21 июль куни олди. 30 августгача махсус хизмат жавоб олмади, мессенжер жамоаси эса талабларни бажармади.

«Ведомости» нашрига берган изоҳида Дуров, маъмурий ҳуқуқбузарликлар Telegram’ни тўсиб қўйишга олиб келиши мумкинлигини билмаслигини айтди. Бироқ ҳуқуқшунослар мессенжер яратувчисини «Россия Федерациясидан чиқиб кетишда қийинчиликларга дуч келиши» мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган. Бунга расмийлаштирилган баённома сабаб бўлиши мумкин.