Шанхайнинг UVS Intelligence System компанияси дунёдаги илк учувчисиз амфибия-самолётни яратди. Компания бу самолётдан маҳсулотларни етказиш, ороллар билан алоқа қилиш ва сув ости кемаларини топишда фойдаланмоқчи, деб хабар бермоқда China Daily нашри.

U650 номли бу самолёт Испаниянинг Colyaer Freedom S100 ўта енгил самолёти негизида қурилган. Бу самолёт учун интеллектуал мулк ҳуқуқлари UVS томондан сотиб олинганди. Углерод толадан ясалган гидросамолётнинг узунлиги 5,85 метрни ташкил қилади. У 15 соат давомида 180 км/соат тезлик билан парвоз қилишга қодир ва қўнмай учиш узоқлиги 2000 км ни ташкил қилади. Дрон қисқа тупроқли учиш-қўниш йўлакчалари ва сувдан учиб-қўна олади. Самолёт 250 кг юк кўтара олади. 4 та юк, мисол учун шишадиган қутқариш соллари самолёт қанотларида жойлаштирилиши мумкин. Компания вакилларининг таъкидлашларича, уларнинг самолёти шундай турдаги фуқаролик самолётлари орасида энг кўп юк кўтара олади ва бу ҳолат унга тижорий муваффақият келтириши мумкин.

Фото: China Daily

Компания раҳбари Лю Цзиандуннинг айтишича, гидросамолёт оммавий тарзда ишлаб чиқарила бошланган. Унинг қўлланиши жорий йилда тезкор етказиб бериш компанияси ва Жануби-шарқий Осиёдаги мижоз томондан бошланади. Лю сир сақлаш мақсадида бу компаниялар номини ошкор қилмаган, бироқ иккала шартнома ҳам катта нархга эгалигини айтган. Компания ушбу самолётнинг асосий харидорлари сифатида Хитой ва бутун дунёдаги курьерлик фирмаларини кўрмоқда. Мисол учун, U650 Хитойнинг одамлар зич жойлашган соҳилларида фойдали бўлади. Бу ерда авиакомпаниялар кўплиги сабабли оддий дронларни учириш ва қўндириш учун етарлича жой йўқ. Янги гидросамолёт паст нархларда кундалик юк ташишларни таъминлаб, Жанубий Хитой денгизи ороллари аҳолиси ҳаётини анча енгиллаштириши мумкин. Люнинг фикрича, бу самолётни ҳарбийлар ҳам қўллашлари мумкин, чунки у радар, гидролокатор ва ракеталар ташиши ёки сув ости кемаларини топиш учун сонарни шатакка олиши мумкин.