Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбарияти ва таркибий бўлинмаларида кадрлар ўзгаришини амалга оширди. Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимовнинг уч ўринбосарини лавозимидан озод этиш ҳақида қарор чиқарилган.

МХДҚ бошлиғи ўринбосари Акром Амонов нафақага чиққанлиги сабабли ишдан бўшатилди, унинг ҳамкасблари Суҳроб Паноев ва Фарҳод Воҳидов эса бошқа ишга ўтказилиши муносабати билан МХДҚ раисининг ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.

Имомали Раҳмон Зубайдулло Алихонов, Нусратулло Мирзоев ва Алишер Мирзонаботовни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг янги ўринбосарлари этиб тайинлади.

Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти, Сўғд вилояти ва Душанбедаги Тожикистон Республикаси МХДҚнинг кенгашлари ҳамда таркибий бўлинмаларида ҳам кадрлар алмашинуви амалга оширилди, дея таъкидлайди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Раҳмон ҳукумат қошидаги Дин ишлари, миллий анъаналар, байрамлар ва маросимларни тартибга солиш бўйича Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Жумахон Ғиёсовни ҳам лавозимидан озод қилиб, унинг ўрнига Амирбек Бекназаровни тайинлади.

Бундан ташқари, кеча президент веб-сайтида ҳукуматнинг 7 август куни давлат раҳбари томонидан имзоланган қарори эълон қилинди. Унга кўра, «Тожикбошгеология» раҳбари Жумазод Мурод Хол лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнида Заробиддин Қудрат Файзуллозода иш бошлади. У аввал Сўғд вилояти саноатини назорат қилган.