Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мамлакатни якуний электрлаштириш дастури ишга туширилгани ҳақида эълон қилди. 2018 йил охиригача уни амалга ошириш учун кичик уйларда қуёш панеллари ва уларга аккумуляторлар ўрнатилади. Бу ҳақда PV Tech ёзмоқда.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Ҳиндистонда ҳали ҳам 18 мингга яқин қишлоқлар, шунингдек, шаҳар қурилмаларига кирувчи уй хўжаликларининг бир қисми электрлаштирмаган. Электр линиялари йўқлигининг энг кўп учрайдиган сабаби – у ёки бу аҳоли пунктининг йирик электр станцияларидан узоқда жойлашгани, ҳудудларнинг мураккаб рельефи ёки истеъмолчилар тўлов қобилиятининг пастлигидир.

2018 йилнинг декабрь ойига қадар якунланадиган янги дастур доирасида Моди муаммони ҳал қилиш учун электрлаштиришга зарур бўлувчи бошланғич мажмуани бепул тарқатиш таклифи билан чиқди. Унга 200-300 ватт (1,0-1,66 квадрат метр) қувватига эга қуёш батареяси киради, бироқ доимий токни ўзгартирувчи инвертор бўлмайди. Батареяли мажмуада юз ватт-соат атрофидаги сиғимга эга аккумулятор, ҳар бирининг қуввати бир неча ватт бўлган бир нечта нурдиодли лампалар, вентилятор ва бошқа қурилмаларни улаш учун розетка бўлади. Лампалар, вентилятор ва розетка доимий токда ишлайди. Бу инверторда тежаш имконини беради. Дастурнинг умумий қиймати - қарийб 2,5 миллиард долларни ташкил этади.

Тахминларга кўра, бундай «бепул» электрлаштириш кетган сарф-харажатларни жуда тезлик билан қоплаб беради. Бугунги кунда Ҳиндистоннинг электр таъминотига уланмаган ҳудудлари керосин лампалари ва улар учун керосиннинг асосий истеъмолчиси ҳисобланади. Улар учун харажатлар оилаларга кунига бир долларга тушиши мумкин. Лампалардаги керосин ёниш вақтида ўзидан саратон касаллигига олиб келиши мумкин бўлган, шунингдек, юрак-қон томир ва ўпка хасталикларининг эҳтимолини оширувчи моддани чиқаради. Уларнинг муолажаси давлат бюджети учун оғир юк бўлиб тушади (мамлакатнинг қашшоқ фуқароларида суғурта одатда бўлмайди). Нефть ва керосин импорти эса мамлакатнинг савдо балансини ёмонлаштирмоқда (Ҳиндистон - нефть ва нефть маҳсулотларининг импортчиси). Қуёш батареялари эса мамлакат ичкарисида ишлаб чиқарилади ва ҳавонинг ифлосланишига олиб келмайди. Бу уларнинг тарқатилиши соғлиқни сақлаш тизимидаги вазиятни бироз яхшилаши ва энерготашувчилар импортини камайтиришини англатади.

Аввалроқ шунга ўхшаш сабабларга кўра, Мўғулистон ҳукумати тунда электр энергияси таъминотини бепул қилиб қўйишга қарор қилди. Бундан аввал қиш мавсумида иситиш учун кўмир печлари ишлатилган, уларнинг тутунидан ифлосланиш эса мамлакатда ўпка ва юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ вазиятни янада ёмонлаштирди. Мўғулистон бугунги кунда ўз энергетикасини қазиб олинувчи ёқилғини ёқишдан қуёш энергияси ва нисбатан камроқ даражада шамол қувватига қайта ўзгартирмоқда.