Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати ўтган ҳафта мобайнида содир бўлган ёнғинлар тўғрисида мисоллар келтирди.

Хусусан, қайд этилишича, 2017 йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Шифобахш сувлар кўчаси 6-уйда жойлашган «ORIGINAL COLORMIX» масъулияти чекланган жамиятга тегишли лак-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлган.

Ёнғин оқибатида цехнинг 60 кв.метр майдонда томи ва цех ичидаги лак-бўёқ маҳсулотлари ёнган. Тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилиб, ёнғин сабаби аниқланмоқда.

Фото: ИИВ 

2017 йилнинг 20 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида фуқаро Р.П. ўз уйида газ ҳидини сезмасдан ошхонага кириб, гугурт ёққан вақтида хонага тўпланган газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Натижада ёнғин чиқиб, ошхона олдида жойлашган сомонхонанинг 49 кв.метр майдонда том қисми ва ҳашак ёнган. Чақнаш натижасида уй эгаси Р.П. ва унинг келини куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилганлар. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, уй эгаси Р.П. шифохонада вафот этган. Хонага газ тўпланиб қолишининг сабаби, пропан газ баллонидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши.

Фото: ИИВ 

2017 йилнинг 23 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Сирдарё шаҳар Ўзбекистон кўчасида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлган. Ёнғин оқибатида жами 9 та савдо дўконининг 280 кв.метр майдонда томи, шифт қисми ва жиҳозлари ёнган. Тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, ёнғин сабабини аниқланмоқда.

Фото: ИИВ 

2017 йилнинг 24 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Когон туманида «Баҳор Пластикс» масъулияти чекланган жамиятга қарашли елим идишлар ишлаб чиқариш цехида гранула эритиш печининг дудбурони қизиб кетиши натижасида ёнғин содир бўлиб, цехнинг 180 кв.метр майдонда томи ва шифт қисми ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар йўқ.

Фото: ИИВ