Англиянинг Челмсфорд шаҳрида яшовчи 33 ёшли Мелисса Ҳампхрейс ота-онасининг ишончини суиистеъмол қилиб, уларнинг барча йиғиб қўйган пулларини турли нарсалар сотиб олишга сарфлади. Бу ҳақда Daily Mail ёзмоқда.

Европага саёҳат пайтида эр-хотинлар ўзларининг ҳисоб рақамларидан маблағ ечиб ололмаганлар, ҳамда шундан сўнг суриштирувни бошлашга қарор қилишди. Маълум бўлишича, барча пулларни уларнинг қизи ечиб олган бўлиб, у бир нечта кредит карталарини ҳам расмийлаштиришга улгурган.

Мелисса жума куни Челмсфордда бўлиб ўтган суд мажлисида 12 та ҳолат бўйича фирибгарликда айбдор, деб топилди. Ҳукмни эълон қилган судьянинг айтишича, қизнинг қурбонларига ўз ота-онаси айлангани жиноятни фақат оғирлаштиради. Маълум бўлишича, Мелисса бир неча ой давомида улардан пул ўғирлаган, ўмарилган маблағларнинг якуний миқдори қарийб 200 минг фунт стерлингга етган.

Айбланувчининг ҳимояси психологнинг текширувини талаб қилиб, ота-она қизларига руҳий жароҳатлар етказгани ва кўпинча унга эътибор қаратишмаганини маълум қилди ҳамда босим ўтказишга уриниб кўрди. Энди Мелисса уй қамоғида, ноябрь ойида у яна судга келади ҳамда бу ишда якуний қарор чиқарилади.