Бугунги кунга келиб, хорижда ишлаш истагида бўлган турли касб эгаларини танлаш иш берувчининг талаби билан мавжуд тартиб-қоидалар асосида амалга оширилишини кўпчилик яхши билади. Хусусан, Нурбек Турдиев ҳам бундан яхши хабардор эди. Бироқ у осон йўлини топаман, дея бир фирибгарга йўлиқди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Нурбек Кореяга кетиш учун ҳужжатларини топшириб, имтиҳон кунини кута бошлади. 2013 йилнинг март ойида Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган имтиҳонда Нурбекнинг омади келмади. Кайфиятсиз аҳволда уйига қайтишга тараддудланиб тураркан, ёнига бир одам яқинлашди. У ўзини Илёс Раҳмонқулов, дея таништириб, имтиҳон натижалари билан қизиқди. Нурбек синовдан ўта олмаганини айтди. Шунда Илёс агар харажатидан қочмаса, бу ишда ёрдам бериши мумкинлигини билдирди.

-  Чиндан ҳам ҳал қилиб бера оласизми? – деди Нурбек ишонқирамай.

-  Албатта, фақат бу 3500 АҚШ доллари керак бўлади. Пулни ўзим олмайман, ҳужжатлар, имтиҳон, тил ўрганишларинг учун тўлайман. – Илёс пинагини ҳам бузмай ёлғон гапирди.

Нурбек шу куни Илёсга ўйлаб кўришини айтиб, унинг телефон рақамини олди-да, уйига қайтди.

Орадан икки ой ўтгач Нурбек Илёсга қўнғироқ қилди ва унга “сафар харажати” учун 1500 АҚШ доллари берди. Илёс пулни оларкан, тез орада мушкули осон бўлишини ваъда қилди.

Пулни бергач, Нурбекнинг чиройи очилди. Гўё эрта-индин Кореяга кетадигандек, ўзида йўқ хурсанд бўлди. Тўрт ойлар ўтиб, Илёс Нурбекдан яна 1000 АҚШ долларини олиб кетди. Анчагина пул берса ҳам иши юришавермагач, Нурбекнинг кўнглига ғулғула туша бошлади. Шундай кунларда Илёс унга қўнғироқ қилиб, самолёт билети ва ўқув курслари учун, дея яна 1000 АҚШ доллари сўради. Билет сўзини эшитиб, Нурбекнинг бутун хавотири аригандек бўлди. Гўё эртага йўлга чиқадигандек, Илёс сўраган пулни бериб юборди. Илёс ваъда қилганидек, Нурбекни Тошкент шаҳрига чақириб, корейс тили бўйича ўқув курсига жойлаштирди. Бир ҳафталик ўқув курсидан сўнг Илёсдан эрта-индин кетасан, деган жавобни олди. Аммо орадан бир, икки ой эмас, уч йил ўтса ҳамки, Нурбек орзу қилгани – Жанубий Корея давлатига кета олмади. Илёс Раҳмонқулов эса фирибгарлик билан қўлга киритган катта миқдордаги пулни аллақачон ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганди.

Нурбек фирибгарнинг устидан арз қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат этди. Илёс Раҳмонқулов жиноий жавобгарликка тортилди. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан унга узил-кесил ўташ учун 10 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.