Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 26 сентябрь куни Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенатининг раиси Қосим-Жомарт Токаев бошчилигидаги Қозоғистон Республикасининг парламент делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар ўзаро фикр алмашиш жараёнида икки томонлама парламентлараро алоқаларнинг, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳолатини ва уни янада чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Парламент делегациясининг расмий ташрифи жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи доирасида икки мамлакат парламентларининг юқори палаталари раҳбарияти томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Парламенти Сенати ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни амалда рўёбга чиқариш билан боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев бугун Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилганлигини таъкидлади.

Қардош Қозоғистоннинг кўп сонли парламент делегациясининг Ўзбекистонга келиши, режалаштирилган музокаралар ва учрашувлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини босқичма-босқич ривожлантиришни давом эттиришга, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга шубҳасиз хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Шунингдек, 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Сенати раиси К.Токаев бошчилигидаги парламент делегацияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам бўлди.

Қозоғистон парламенти вакиллари билан бўлган учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Таъкидланганидек, бугунги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор ҳудудий ва давлат дастурлари амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери бу соҳада яна кўп ишлар қилиниши лозимлигини таъкидлади. Шу боис мазкур жараёнда халқаро тажрибани ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга. 

Учрашувда Қозоғистон Республикаси Сенати раиси самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. 2016 йилдан ҳозирги вақтгача Қонунчилик палатаси депутатлари 7 марта турли тадбирларда иштирок этиш учун Қозоғистон Республикасига ташриф буюришди. Бу эса парламентлараро алоқаларнинг юқори босқичга чиқаётганлигидан далолат беради. Қозоғистон парламенти аъзолари ҳам бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюришган. Ўзаро ташрифлар, турли тадбирлардаги иштироклар икки мамлакат парламенти аъзолари ўртасидаги яқин алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди, деган К.Токаев.

Учрашув давомида томонлар парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга доир масалаларни муҳокама қилдилар.