Ироқ Курдистони мустақиллиги учун сайловчиларнинг 91,83 фоизи овоз берди. Бу ҳақда РИА Новости Курдистон мустақил олий сайлов комиссиясига асосан хабар тарқатган.

Аввалроқ референдумда 3,4 миллион сайловчилар овоз бергани хабар қилинганди. Референдумда қатнашиш миқдори 72,16 фоизни ташкил этган.

"3,44 миллион овозларни ҳисоб-китоб қилиш якунларига кўра, 91,83 фоиз сайловчилар ижобий жавоб беришган, салбий жавобни эса – 8,17 фоиз", - дея хабар қилишган комиссиядан.

Шунингдек, комиссиядан таъкидлашларича, Киркук (Бағдод билан баҳсли) вилоятидаги курдлар туманлари, шунингдек, Синжор ёзидлар тумани ва Найнава вилоятидаги христианлар туманлари жуда юқори фоизни қайд этишган. “Ҳа” жавоби учун энг паст фоиз эса Сулаймония шаҳрида кузатилди – тахминан 51 фоиз.

Овоз бериш ҳуқуқига 5,2 миллион сайловчи эга бўлган. Референдумда Ироқ Курдистони ёки курдларнинг бошқа туманларида рўйхатдан ўтган Ироқнинг барча фуқаролари қатнашиши мумкин эди. 6846 сайлов участкаси ва 1737 комиссия ишлади. Овоз беришда нафақат курдлар мухториятига расман кирувчи Арбил, Сулаймония ва Дохук вилоятлари, балки ундан ташқарида бўлган Киркук, Найнава, Салоҳ-ад-Дин вилоятларидаги туманлар ҳам иштирок этди. Ироқдан ташқарида яшовчи курдлар учун онлайн-овоз бериш ташкил этилди.

Экспертлар бўлажак минтақа ҳақида турли фикрлар ва ҳарбий ихтилоф хатарини билдиришмоқда. Кўпчиликнинг сўзларига кўра, воқеалар ривожи референдумдан сўнг мустақилликнинг эълон қилиниши ёки қилинмаслигига боғлиқ бўлади.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлининг маълум қилишича, Анқара Бағдодни мамлакат яхлитлигини таъминлаш масаласида қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу Ироқ тегишли мурожаат билан чиқса, юз бериши айтилди.

Ироқ ҳукумати референдумни ҳақиқий эмас, деб топди ҳамда мухториятнинг минтақавий ҳукумати билан овоз бериш натижалари бўйича музокаралар олиб бормаслигини маълум қилди. Бундан ташқари, Ироқ Курдистонининг қўшнилари – Туркия ва Эрон, шунингдек, АҚШ ҳамда БМТ ҳам овоз бериш жараёнига қарши чиқди.

"Биз Ироқнинг ҳудудий яхлитлигини фақатгина сўзлар орқали қўллаб-қувватламаймиз. Агарда, Ироқ ҳукумати Анқарага тегишли чақириқ билан мурожаат қилса, унда биз қўшни давлат бирдамлигини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз", - деган Човушўғли. Унинг сўзларини Anadolu агентлиги келтиради.

Вазир Туркия қуролли кучларининг Ироқдаги эҳтимолий амалиётлари ҳақида изоҳ бераркан, Анқара Ироқ ҳукумати мурожаат билан чиқадиган бўлса, ҳаракатларга ўтишини таъкидлаб ўтди. "Агарда, Бағдодда Туркияни ҳаракатларга чақиришса, биз халқаро ҳуқуққа асосланган ҳуқуқимиздан фойдаланамиз. Анқара учун энг асосийси – Ироқ марказий ҳукуматининг позицияси", - деди Човушўғли.

Унинг қўшимча қилишича, Ироқда этник туркманларга қарши таҳдид Анқара томонидан ҳарбий амалиёт учун сабаб сифатида баҳоланади.

Вазирнинг сўзларига кўра, Туркия хорижий давлатларни Ироқдаги курдлар референдуми якунларини тан олиш бўйича ҳаракатларга йўл қўймаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирган. "Туркия ТИВга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган давлатлар, шунингдек, Германия ва Саудия Арабистони элчилари чақиртирилди. Уларга Анқаранинг позицияси етказилди", - дея хабар берган ТИВ раҳбари.