Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турли хил фирибгарликларга, жумладан, виза ҳужжатларини сохталаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси маълумотига кўра, сўнгги бир неча йил мобайнида тезкор ходимлар гўёки ҳуқуқ-тартибот идоралари, элчихоналарда алоқаларга эга бўлган ва ноқонуний равишда содда фуқаролардан ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига пул талаб қилган бир неча фирибгарларни аниқлашган ва қўлга олишган.

Хусусан, МХХнинг Хоразм вилояти бўйича Бошқармаси тезкор ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тузилмаларини жалб қилган ҳолда, АҚШ визасини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликни амалга оширишда гумонланаётган шахсларни жиноят устида қўлга олиш бўйича махсус амалиёт ўтказди.

Тадбир давомида Самарқанд вилоятида яшовчи, вақтинча ишсиз бўлган фуқаролар Алишер Набиев ва Амирраҳмон Раҳматовлар қўлга олинди. Улар Хоразм вилоятида яшовчи фуқародан Америка Қўшма Штатларига ишлаш мақсадида бориш бўйича виза ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам бериш учун 6,3 минг АҚШ долларини олганлар.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг ҳудудий бошқармаси томонидан қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноий иш қўзғатилди.