Шимолий Корея ҳукумати АҚШ президенти Дональд Трампнинг Пхеньянга нисбатан хатти-ҳаракати ва баёнотларининг асл моҳиятини тушуниш учун республикачилар партияси билан алоқаларга эга таҳлилчиларни топиш ҳаракатида.

Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига асосан хабар берган.

Таъкидланишича, экспертларни қидириш икки давлат етакчиларининг ҳарбий йўналишдаги баёнотлари кучайиб боришидан аввал бошланган.

«Уларнинг асосий ташвишлари Трамп билан боғлиқ. Улар уни тушуна олишмаяпти», - дея манба сўзларини келтиради нашр.

Нашр маълумотларига кўра, КХДР вакиллари бир неча кишини маслаҳатлашувлар учун учрашишга таклиф қилишган. Хусусан, улар орасида АҚШ МРБнинг Корея ярим ороли масалалари бўйича бўлими бошлиғи собиқ ўринбосари Брюс Клингнер бор. Бироқ, у ҳамда бошқа экспертлар учрашувдан воз кечишган.

Аввалроқ КХДР Трампнинг таҳдидлари ҳақида “бизни итнинг вовуллаши қўрқитмайди”, дея жавоб берганди.