Бугун 27 сентябрь куни Миллий матбуот марказида “Тиббий таълимдаги ислоҳотлар — мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Тадбирда таъкидланишича, тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасида тўпланган тажрибалар бу соҳани, айниқса, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш вақти келганини ҳам кўрсатмоқда.

Ўқув соатлари таҳлил қилиб ўрганганилганда, ўқув дастурларидаги мавзуларнинг 15 фоизи ва ҳатто ундан ортиғи қайтарилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Бундан ташқари, бакалавриат ва магистратура босқичидаги ўқув режа ва дастурларда мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг кўплиги ҳам талабаларнинг ортиқча вақтини олиб, ихтисослик бўйича билим олишига сезиларли таъсир қилиб келаётганди. Яна бир муаммоли ҳолат — таълим жараёнига тиббиёт соҳасидаги замонавий билимларни киритишда вужудга келган қийинчиликлар билан боғлиқ эди.

Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан олий тиббий таълимнинг клиникагача бўлган ва клиник фанлар блоклари бўйича ўқув соатлари салмоғи оширилиши, олий тиббий таълим стандартларини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Шунга кўра, бакалавриат босқичи учун давлат таълим стандартлари қайта ишлаб чиқилмоқда, яъни касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блокини 7 фоизгача қисқартириш, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажмини 85 фоизгача кўпайтириш назарда тутилган.

Аввалги Давлат таълим стандартларида белгиланган ўқув режаларида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки бўйича ўқув соатлари ҳажми 15-20 фоизгача эди. Асосий мутахассислик бўйича эса 40-50 фоизни ташкил қиларди. Бу ислоҳот олий тиббий таълимнинг биринчи босқичидан бошлаб, бўлажак шифокорнинг соҳага доир билимларини шакллантиришига кенг имкониятлар яратади.