27 сентябрь куни Миллий матбуот марказида “Тиббий таълимдаги ислоҳотлар — мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Юсупалиев Баҳодир Қаҳрамонович, Фан ва Ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи Исмоилов Ўктам Сафоевич, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати рахбари Санаев Фурқат Чориевич, шунингдек ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари, республика даражасидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда ОАВ иштирок этди. 

Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбирининг маълум қилишича, анжуман Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббий таълимни ислоҳ қилиш ва уни дунё стандартлари даражасига етказиш бўйича берган топшириғи юзасидан олиб борилган ишлар, тизимда кутилаётган ўзгаришлар ва уларнинг натижаларига бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай соҳа ривожи шу йўналишда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Хусусан, тиббиёт ҳам. Гарчи энг замонавий техникалар, сўнгги технологиялар соҳага киритилса-да, бинолар реконструкция қилиниб, мукаммал бошқарув тизими шакллантирилса-да, кадрлар масаласида оқсаш бўлса, соҳа ривожида кутилган натижа бўлмайди. Шу боис давлатимиз раҳбари бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган тўрт учрашувда ҳам тиббиёт ходимларини тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилгани бежиз эмас.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим бурилиш ясаб берди. 

Олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг (даволаш иши) 7 йил давом этиши замон талабларига жавоб бермаслиги билан бирга, мазкур таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча молиявий маблағларни ҳам талаб этиб келаётганди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Давлат раҳбарининг мазкур қарорида айнан тиббий кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш масаласига ечим кўрсатилган, яъни, ҳужжатда тиббий таълим йўналишларидаги бакалавриат тизимида ўқиш муддатларини белгилаш алоҳида қайд этилди. Унга кўра, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши, касбий таълим (даволаш иши), ҳарбий-тиббиёт иши (даволаш иши), педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил, тиббий профилактика иши 5 йил этиб белгиланди. Эътиборли томони, ҳозирги вақтда “даволаш иши”, “касбий таълим” (даволаш иши), “ҳарбий тиббиёт иши” (даволаш иши), “педиатрия иши” бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-5-босқич талабалари ҳам таълимни 6 йиллик ўқув дастури асосида давом эттириши кўзда тутилган.

Мамлакатимизда етти олий тиббий таълим муассасаси ҳамда уларнинг ҳудудий филиалларида ҳар йили 2 мингдан зиёд шифокор тайёрланмоқда. Аммо жойларга чиқиб мавжуд ҳолат ўрганилганда, соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи тизимида кадрлар таъминотида номутаносибликлар борлиги аён бўлди. Масалан, мамлакатимиз бўйича шифокорларнинг умумий сони 72 минг нафар бўлиб, ҳар 10 минг аҳолига нисбатан 23,5 нафарни ташкил этади. Аммо Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Фарғона ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткич талаб даражасида эмас.

Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори кадрлар таъминотини яхшилашда муҳим ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб биринчи марта мақсадли қабул йўлга қўйилди. Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида бакалавриат йўналишига қабул амалга оширилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўз навбатида, ёшлар ҳам давлат томонидан олий таълим тизимини модернизациялашга йўналтирилган ислоҳотларни катта қизиқиш билан қабул қилиб, бу борада яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишишга интилаётгани таъкидланди. Шу ўринда тиббиёт олий ўқув юртларига 2017 йилги қабул ҳар йилгидан-да қизғин кечгани қайд этилди. Жорий йил 44 409 нафар йигит-қиз ушбу йўналишдаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Улардан 3 445 нафарига талабалик бахти насиб этди. Бу талабаларнинг 1 355 нафари давлат гранти асосида ва 2 090 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётгани маълум қилинди.

Тадбирда таъкидланишича, Президент ташаббуси билан йўлга қўйилаётган тиббий таълимни комплекс ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар:

  • тиббиёт кадрлари етишмовчилиги қопланишини15 фоизга тезлаштириш;
  • тиббий таълим тизимини халқаро стандарт талабларига мослаштирилиш;
  • таълим муассасалари кадрлари салоҳиятини ошириш;
  • давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши;
  • тиббиёт олий ўқув юрти тилабаларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнини самарали ташкил этиш орқали юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга хизмат қилади.