Twitter микроблоглар хизмати АҚШ президенти Дональд Трампнинг кўпчилик томондан ушбу ижтимоий тармоқ қоидаларини бузувчи хабари нега ўчирилмаганига тушунтириш берди.

Гап Трамп 23 сентябрда Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Ён Хонинг БМТ Бош ассамблеясидаги нутқидан кейинги твити ҳақида кетмоқда. "Ҳозиргина Шимолий Корея ташқи ишлар вазирининг БМТдаги нутқини тингладим. Агар у кичкина ракета-одамнинг фикрларини эшиттираётган бўлса, унда улар узоққа бормайдилар", деб ёзганди Трамп бу хабарида.  Бундан аввал ҳам Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни бир неча марта "ракета-одам" деб атаганди.

Ижтимоий тармоқнинг баъзи фойдаланувчилари бу хабар таҳдид ва ҳақоратга эгалиги, бу эса Twitter сиёсатига зидлигидан шикоят қилишиб , уни ўчириш лозимлигини айтишган. Бироқ ижтимоий тармоқ буни қилмаган.

Ижтимоий тармоқ қоидаларида унинг фойдаланувчилари ҳақорат, таҳдид, зўравонликка ундаш ва адоватни қўзғовчи хабарлар чоп эта олмасликлари айтилган. 

26 сентябрда ижтимоий тармоқ ўзининг расмий саҳифаларидан бирида Трампнинг хабарини у "ахборот жиҳатдан муҳим" бўлгани сабабли ўчирмаганини маълум қилган. "Биз у ёки бу твит қоидаларимизни бузмаётганини баҳолашда бир қатор омилларни эътиборга оламиз. Жумладан, биз ушбу твит ахборот жиҳатдан муҳимлиги ва жамоатчиликда қизиқиш уйғотишини ўрганамиз", деб айтилган компанияда.

Ижтимоий тармоқда бу борада ходимлар орасида ички қоидалар борлиги қўшимча қилинган. Компанияда таъкидланишича, яқинда бу ҳолат фойдаланувчилар келишувида акс эттирилади.